ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
People

УМИДАХОН: «Шоу-бизнес олами жуда бир ажойиб!»

4877
0

— Ижод қилаётганингизга неча йил бўлди?

— Ижодни бошлаганимга 7 йил бўлади, Худо хоҳласа. Бу ҳам менимча катта вақт. Анча бўлиб қолди ижодимни бошлаганимга.

— Консерваториянинг 3-босқичини тугатдингиз адашмасак. Курсдошлар билан муносабат қандай? Ахир уларга қараганда сиз ўз мухлисларига эга хонандасиз?

— Курсдошларим билан муносабатим жуда ҳам зўр. Улар мени, мен эса уларни жуда ҳам яхши кўрамиз, ҳурмат қиламиз. Нега биласизми? Чунки улар билан оддий курсдошдек гаплашаман, ҳарактеримни ҳам кўриб, биринчи босқичдан бери яхши кўришади ўзлари ҳам «Қойил қоламиз, ҳеч ўзгармайсиз»,- деб кўп таъкидлашади. Ҳозир энди камроқ боряпман ўқишга, шунинг учун ҳам кўришганда хурсанд бўлиб кетишади: «Вой бормисиз, нега йўқ бўлиб кетдингиз»,- деб. Яқинда ҳам имтиҳонга бориб келдим, инстаграм ижтимоий тармоқлари орқали кўришган бўлса керак. Кўришганимиздан ҳамма жуда хурсанд бўлди

— Дадангиз ҳам санъаткор бўлганлар, ота касбининг давомчиси бўлишингизни қачон англаб етгансиз? Умуман отангиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

— Ота касбининг давомчиси бўлишимни мактабни битириб, коллежга топшираётганимда онам йўл-йўриқ кўрсатиб, санъаткор бўлиш учун шу соҳада ўқиш керак деб тушунтирганлар. Бу соҳада ўқишим мумкинлигини менга бошида айтишмаган, ёшлигимдан шифокор бўласан дейишар эди, аммо менинг бу касбга меҳрим йўқ эди. Мана насиб қилган экан, ҳозир ўзим хоҳлаган касб эгасиман. Коллежга ўзимни кучим билан кирганман ва шундан сўнг дадам тан бериб, рози бўлганлар. Дадамга тўхталиб ўтадиган бўлсам, ўзлари ҳам санъат соҳасидаги инсон. Ўзбек Давлат филармониясида 40 йилдан ортиқ фаолият юритганлар. Ҳозир мана 73 ёшни қаршилаб, нафақада ўтирибдилар. Хор дирижёрлик йўналишини тамомлаб, кейинчалик ўзлари таҳсил олган Ўзбекистон Давлат Консерваториясида дарс ҳам берганлар. Қолаверса, фаҳр билан айта оламан, устоз санъаткор Фаҳриддин Умаровнинг энг яхши кўрган шогирдларидан бири бўлганлар.

alt

— Ижодингиз давомида қайси бастакорлар билан кўпроқ ишлайсиз? Ким билан ишлаш қулай сизга?

— Ижодимни бошлаганимда Муродилла Ҳакимов билан ишлай бошлаганман ва у инсон билан устоз санъаткорларнинг тароналарини қайта жонлантириб куйлаганман. Яна кўплаб бошқа қўшиқларни ҳам масалан «Саргардонингман», «Бор-бор» қўшиқларимни яратишда ёрдам берганлар. Барибир, бир хил ижод қилавермайсиз, шунинг учун кейинчалик ўзгартириш киритиш учун Элдор Қаюмов билан ҳам иш олиб бордик, колаверса, Жасур Бадалбоев билан биргаликда ишладик. Ҳозир эса Шаҳбоз билан ҳамкорлик қиляпмиз. Лекин алоҳида ким биландир ишлаш осон дея олмайман, уларнинг ҳаммаси билан ишлаш жуда мароқли, бир-биримизни жуда тез тушунамиз.

— Янги альбомингиз ҳақида гапириб ўтсангиз? Мазкур альбомдан ўрин олган қўшиқлар қайси бастакор ва шоирлар ҳамкорлигида яратилган?

— Янги альбомим ҳақида гапирадиган бўлсам, унинг ичида 41 та қўшиқ бор. Нақд 4 та альбомни битта қилиб чиқардим. У ерда хориж эстрадаси юлдузларининг қўшиқларини ҳам куйлаганман. Бу альбомимда асосан, айтиб ўтганимдек, Элдор Қаюмов, Жасур Бадалбоев ва Муродилла Ҳакимов билан ишлаганмиз. Мен ўзи жуда кўп бастакор алмаштириб, у ёки бу билан ишламаганман, лекин бу ерда Шаҳноз томонидан яратилган қўшиқ ҳам бор. Шоирлардан эса асосан Аҳад Қаюм билан ишлаганмиз, қолаверса Бахтиёр Раҳмонов билан биргаликда «From obvious» деган шахсий қўшиғимни яратганмиз.

alt

—  Альбомингизнинг номи, яъни «Оти Юлдузимсан». Ҳаммага албатта тушунарли, аслида «Юлдузимсан». Аммо нега шу тушунмовчилик сабабли юзага келган хатоликни тўғрилашни талаб қилмадингиз. Ахир альбом муқовасини ўзгартириш қийинмиди? Тақдимотдан аввал инстаграм ижтимоий тармоқларда шу хатолик билан реклама қилдингиз. Тақдимотгача ўзгартиришга вақт бор эди-ку. Ахир илк альбом, балки тўғрилаш керак эди.

— Ҳа, бу ерда хатолик кетган эди. Лекин вақт кам эди, тақдимот чўзилиб кетаётган эди, мен ўзим ҳам ташкилий ишлар билан овора бўлиб, эътибор бермай қолган эканман. Лекин бу тушунмовчилик тўғирланди ва ҳозирда тўғри муқова билан чоп этилмокда.

alt

— Бу альбомни чиқариш учун неча йил давомида тайёргарлик кўрдингиз?

— Ижодимни бошлаганимга худо хоҳласа 7 йил бўлаётган бўлса, альбомга 5 йилча тайёргарлик кўрдим адашмасам. (кулади)

— Қайси қўшиғингизни ўзингизга яқин деб биласиз?

— Ҳамма қўшиқларим ўзимга яқин. Деярли ҳаммасини ичида ўзим яшайман, ҳар бирини сўзларига, мусиқасига катта эътибор қаратаман. Вазиятга, кайфиятимга караб тинглайман. Лекин айтиб ўтишим керак, кўп қўшиқларим ҳаётдан олинган воқеалар билан боғлиқ. Мен қўшиқларимни фақатгина ўзимни ўйлаб эмас, балки атрофдагиларни ҳам кечинмаларини куйлашга ҳаракат қиламан.

— «Кел, ярашайлик» қўшиғингиз жуда ҳам оммалашган, яна қайси таронангизни шу даражада машҳур деб ўйлайсиз?

— Бу қўшиғим ҳақиқатдан ҳам хит бўлган. Ўзимни яхши кўрган йўналишим бўлганлиги сабаб бўлса керак деб ўйлайман. Ундан олдин миллий эстрада йўналишида ижод қилганман, лекин бу қўшиғимнинг йўналиши ўзимга яқин бўлган. Лекин миллий эстрадада ҳам ижод қиламан ва яширмайман, мухлисларим 7 ёшдан 70 ёшгача бор. Мен ҳеч кимни хафа қилмайман. (кулади)

— Сиз чет эл хонандаларининг кўплаб тароналарини ижро этасиз. Лекин негадир кўпроқ Уитни Хьюстон ижодига мурожаат қиласиз. Нега? Хонанданинг ижроси сизга яқинроқ деб ўйлайсизми?

— Сабаби улар билан менинг овоз диапазонимиз ўхшаш. Айтиб кўрганимда қандайдир ўзимга мос келган, авжлари, техникалари. Шунинг учун бу инсонни қўшиқларини куйлаганимда ўзим мазза қиламан, бутун ғуборим чиқиб кетади. Сўзлари, куйлаш услуби, дилдан чиққанлиги сабабли мени ўзига ром этган.

— Сокин тароналарни ҳам ижро этиб турасиз. Ўзингизнинг феъл атворингиз эса акси: жуда қувноқсиз. Сокин тароналарни куйлашга қийналмайсизми?

— Қийналаман. Айниқса, миллий қўшиқларни куйлаётганимда қийналаман. Сабабини билмайман, лекин қийналаман. Шунга қарамай қўшиқларим хит даражасига етиб, ҳаммани қалбидан жой эгаллайди. Масалан «Юлдузимсан», «Умр ўтар», «Сендадир кўнглим» каби қўшиқларим ҳаммаси оммалашиб, ёшларга ҳам ёқади.

alt

— Кимларни устозларим, дея тан оласиз?

— Мендан маслаҳатини аямаган одамни устозим деб биламан. Хоҳ у санъат йўлида бўлсин, хоҳ ҳаётий масалаларда, барча мени қўллаб-қувватлаб, тўғри йўл кўрсатган одамни устозим деб биламан. Лекин, аввало, албатта биринчи устозларим бу - ота-онам.

— Тўйларга кўп чақиришадими? Бир ойда нечта хизмат, таҳминан?

— Албатта (кулади). Ҳар хил бўлади. Санамай қўя қолайлик, кўз тегади. (кулади)

— Сиз учун ҳаётда нима мухимроқ?

— Ота-онамни соғлиқлари, оилам ҳотиржамлиги ва ижодимдаги ютуқларим, энг асосийси шу.

— Қайси қўшиғингиздан кейин ўз меҳнатларингиз ҳосилини кўрдингиз?

— Бирданига юлдуз бўлиб кета олмайсиз, одам ҳамма нарсага аста-секинлик билан эришади. Ҳар чиққан қўшиғим, клипим мен учун бу бир поғона. «Сендадир кўнглим»ни ижро этганимдан сўнг одамлар таний бошлаган.

alt

Армонлар…

— Армонларим йўқ, битта нарсага эришаман десам, икки уч марта ҳаракат қилиб бўлса ҳам эришаман. Энг асосийси инсоннинг қалби, нияти пок бўлса ҳамма нарсага эришади. Мақсадларни кенг қўйиб, уларга интилса ҳамма нарса секин-асталик билан келади.

Афсуслар...

—  Афсусларим бўлган. Ҳато қилмасликнинг иложиси йўқ. Лекин жуда катта даражадаги муҳим афсуслар эмас.

— «ЗўрТв» телеканали орқали намойиш этилган "The Cover up" лойиҳасида қатнашдингиз ва финалгача етиб келдингиз. Қандай таасуротларга эга бўлдингиз?

— Жуда катта таассуротларга эга бўлдим. Мен учун бу лойиҳа жуда катта мактаб бўлди десам адашмаган бўламан. Биринчи таклиф килишганидаёқ рози бўлганман. Чунки бу ўз устимда ишлаш учун тажрибавий мактаб деса ҳам бўлади. Ўзимни ҳар хил йўналишда синаб кўрдим. Мухлислар ҳам мени очилмаган қирраларимга гувоҳ бўлишди. Мухлислик қилмаган инсонлар ҳам тинглай бошлашди. Менга бу лойиҳа катта ютук олиб келди. Энг асосийси, буларнинг барчаси жонли равишда ижро этилган.

— Ўзингизнинг эсингизда қолган чиқишингиз?

— Жаҳонгир Отажонов меҳмон бўлган сони. Кўпчилик билмайди, бугун илк маротаба сизларга бу ҳақда айтаяпман, ўша куни қон босимим тушиб кетиб, мазам бўлмаган ҳолатда, қатнаша олмасам керак деб, саҳнага охирги бўлиб чикдим. Лекин таввакал қилиб, куйлаганим менга ёрдам берди шекилли, Жаҳонгир ака мен билан дуэт куйлашга қарор қилдилар. Мен бундан ҳайратда эдим. Тўғриси, кутмаган эдим. Бундай воқеа 10 йил олдин ҳам бўлган. «Ўзбегим ёшлари»да куйлаб юрар эдим у вақтлари ва Қашқадарёга тадбирга борганмиз. Мен «цыган»ча тарона билан чиқишим керак, овозим бўғилиб қолган, энди нима бўлса ҳам куйлайман деб саҳнага чиқиб кетганман ва куйлай бошлаганимда овозим очилиб кетган. Лекин қўшиқни тугатишим билан бўғилган овозимдан ҳам айрилганман. Бу Худони менга кўрсатган бўлса керак деб ўйлайман.

— Қайси санъаткорнинг танбеҳлари сизга оғир ботди ва ноуўрин деб билдингиз?

— Деярли ҳеч қайси санъаткорларимиз менга танбеҳ беришмади ва ноўрин ҳам деб бўлмайди. Лекин менга нисбатан эмас, балки бошқа иштирокчиларга нисбатан ноҳақликлар бўлди деб ўйлайман.

alt

— Қайси хонанданинг тароналарини мазза қилиб ижро этдингиз?

— Деярли ҳамма, кўпроқ Севара Назархон, Жаҳонгир Отажонов ҳамда Зиёд Эшонхўжаев ва Тоҳир Содиқов каби хонандаларимизнинг ашулаларини мазза қилиб ижро этдим.

— Тоҳир Содиқов охирги ташриф буюрган меҳмон эди. Улар ҳақидаги фикрингиз?

— Улар ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Энди нечи йиллик тажрибалари бор, устоз санъаткор. Ҳурмат қиламан у инсонни.  Тўғри кўп гаплари ноўрин бўлди, лекин ундан хафа бўлмадим.

— Ўз ғалабангизга ишонасизми?

— Насиб қилса ютаман. Бу оддийгина шоу. Асосий мақсад ўзимиз устимизда ишлаш. Худога шукур, финалгача етиб келдик, бу ёғига ҳам яхши бўлади деган умиддаман.

— Шоу-бизнес оламидагилар ҳақида нима дея оласиз?

— Балки шоу-бизнесда кўра олмаслик, шунга ўхшаш нарсалар бордир, лекин мен ўзимга нисбатан ҳали ундай нарсаларни кўрмадим. Кўп нарса одамни ўзига ҳам боғлиқ. Ҳурмат қилиб, иззат қилсангиз шу нарса ўзингизга ҳам қайтади.

— Шоу бизнесга кирганда унинг қандай қоидаларини англаб етдингиз?

— Шоу-бизнес олами жуда бир ажойиб. Ҳамма ўзига ярашасини олади деб ўйлайман. Ким қандай ниятда бўлса шунга яраша жавоб ҳам олади. Ҳар хил вазиятлар бўлади, лекин одам ўзига тўғри бўлса, факат ижод деб, бошқа нарсаларга чалғимаса, ҳаммаси яхши бўлади. Битта-иккиталарни деб ҳамма санъаткорларни ёмон деб билишади, аммо бу нотўғри. Фақат ижод қилиб, ҳамма нарсага ўз меҳнати орқали эришаётганлар ҳам кам эмас.

— Хонандалар ичида самимий ва ўзингиз яхши кўрадиган ўртоқларингиз ким?

— Ўртокларим кўп, масалан: Зиёда, Нигора, Дилсўз. Устоз санъаткорлардан Муножат Йўлчиева, Гулсанам опа, Зулайҳо опа, қолаверса Манзура опа – уларни ўзгача бир дунёлари бор. Кўпчилик уларни бошқача тасаввур қилиши мумкин, лекин аслида улар ҳам жуда ҳазилкаш, самимий инсонлар. Ҳаммаси ўзгача бир инсонлар ҳурмат қиламан, улар ҳам худди шундай, «Сенинг ўрнинг бошқача»,- деб туришади.

alt

— Ўзбек киносининг дурдонаси ҳисобланган кинолардан эсингизга келган битта иборани айтсангиз. Масалан, «Маҳаллада дув-дув гап», «Суюнчи». Ёки ўзингиз яхши кўрган фильмингиздан энг машҳур ибора.

— Ҳа, «Маҳаллада дув-дув гап» фильмида: «-Нечта қўй олдингиз? –Битта қўзи олдим. –Вой, ўчиринг овозингизни. Ҳа, 10 та қўй нима бўлади. Маҳаллада дув-дув гап бўлсин, душманларим аламидан ёнсин дейманда» деган жойи шунақа ёқиб кетади. (кулади)

— Оила қуриш режалари қайси поғонада? Тўйингиз қачон?

— Шу ҳамма мени тезроқ турмушга беришни кўзлаганми дейман. (кулади) Билмадим энди, бу тақдир. Худо хоҳласа, насиб этса, биринчилардан бўлиб Сизларга айтаман. Ҳозирча мана фақат ижоддамиз. Насиб этиб, оқ отдаги шаҳзодам тезроқ келса, тўй бўлиб кетади. Ҳозир эса кутмокдаман.

 

Шунингдек хушовоз хонанда, иқтидорли актриса ва шунчаки гўзал аёл Мадина Мумтоз билан бўлган самимий суҳбатимизни бу ерда ўқишингиз мумкин. 

alt

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 14-07-2017

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг