ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
Болаларга

Жамила Ғофурова бола тарбияси борасида

2155
0

Профессионал актриса Жамила Ғофурова биз билан бола тарбияси борасида ўзи амал қилиб келаётган қоидалар билан ўртоқлашди. 

Актрисанинг бола тарбияси билан боғлиқ маслаҳатлари қуйидагилардан иборат. Эслатиб ўтамиз Жамила Ғофурованинг олти ёшли Ширинабону исмли қизи бу йил мактабга чиқиш тарадудида.

 

  • Илк маслаҳатим, болаларнинг кийиниши билан боғлиқ. Биринчидан болаларга нима олиб берсангиз ўша кийимни кийишади, шунинг учун ҳам аёлларимиз болаларни кийинтиришга алоҳида эътибор беришлари керак деб ўйлайман. Болаларга ҳаво яхши ўтказадиган, пахтадан тайёрланган, ўзига мос келадиган кийимларни танлашни маслаҳат берар эдим.

alt

  • Кўпинча ота-оналаримиз болаларини қишда, совуқ ойларда жуда ҳам ўраб-чирмаб ташлашади. Аммо мен бундай қилмаганман, онамга ҳам «Ширинабонуни бунақа иссиқ кийинтирманг, эртага салгина шомолга ҳам касал бўлиб қолади», - дея қизимни жуда қалин кийинтиришларига қўймасдим. Болаликдан чиниқиб катта бўлишини хоҳлайман.

alt

  • Болани жуда ҳам чеклашларига, «у мумкин эмас, бу мумкин эмас» қабилидаги сўзларга ҳам қаршиман. Қизимни ёзда бемалол музқаймоқ ейишига руҳсат бераман. Чунки шахсан ўзим болалигимда худди шу ишларни қилганман, худога шукр соғлиғим ҳам яхши, ҳеч қанақа шикоятим йўқ. Онамнинг қизингга «у нарсани едирма, бу нарсани едир», - деган сўзларига ҳам хўп деб туриб ўзим яширинча едириб, ичириб юрганман. Онамга «мени қандай катта қилган бўлсангиз, боламни ҳам шундай катта қилинг» - дея кўп айтаман. Бувижонлар меҳрибон бўлгани боис, набираларини жуда эҳтиёт қилишга ўрганиб қолишган.

alt

  • Кўпинча ота-оналаримиз ёзнинг ниҳоятда иссиқ кунларида, автомошинанинг совутгичини ёқиб қўйиб болалари билан сайрга чиқишади. Совутгичнинг баланд ҳарорати билан, кўчанинг иссиқ, қайноқ ҳароратига тушган болалар шамоллаб қолишлари мумкин. Айнан шу ҳолатдан сал эҳтиёткорроқ бўлишларини маслаҳат берган бўлардим.

alt

  • Болаларни овқатлантиришда ҳам юқоридаги берган маслаҳатларим сингари ниҳоятда эркинман. Бола нимани истеъмол қилишни хоҳласа шуни тайёрлаб беришга ҳаракат қилиш керак. «Эркаланиб кетади, талтайиб инжиқ бўлиб қолади», деган гапларга қўшилмайман. Қизимга ёш бўлишига қарамасдан бир нарсани доим уқтириб бораман. Яъни «жон қизим, бугунги имкониятим эртага бўлмаслиги мумкин, ўша вақтда айтган овқатингни, кийимингни олиб бермасам, ортиқча хархаша қилмайсан», - деганимда у хўп деган. Қизим билан келишувимиз ҳозиргача бузилгани йўқ.

alt

  • Болаларни кичик вақтларидан мусиқа чалишга ўргатиш керак деб ҳисоблайман. Чунки мусиқа садолари оғушида юрган, мусиқани тушунган болаларнинг қўлидан ёмонлик келмайди. Шу фикрларимнинг исботи учун қизимни яқинда пианино йўналиши бўйича ўқишга бердим.

alt

  • Сўнгги фикрим, кўпинча яқинларим «Сен қизингни ҳар доим айтганини қиласан, эркалатасан», - дейишади. Бир донишманддан «болани эркалатиш керакми», деб сўрашганида донишманд: «болани эркалатиш керак, чунки сизлар эртага болангизни ҳаёти қанақа бўлишини билмайсизлар», деб жавоб берган экан. Шу сабабдан ҳам бола ёшлигидан, ота онаси ҳаётлик вақтидан, кўзи тўқ бўлиб, яхши таълим-тарбия олиб, эркаланиб катта бўлишининг тарафдориман.

 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 18-08-2016

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг