Иккита ўзбек фильми НИКА мукофотига даъвогар
Мазкур картиналар «МДҲ ва Болтиқбўйи давлатларининг энг яхши фильми» номинациясида ушбу нуфузли мукофот учун даъвогарлик қилади. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги хабар қилмоқда.
2019 йил фильмлари учун «Ника» мукофоти билан тақдирлаш маросими пандемия сабабли 2021 йил баҳорига қолдирилган бўлиб, ҳозирда 2020 йил фильмлари учун танлов эълон қилинган. Маълумотларга қараганда, 2019 ва 2020 йил фильмлари учун тақдирлаш маросими 2021 йилнинг апрель ойида ўтказилади.
«Ибрат» фильми қатағон йилларида зулмга учраган халқимизнинг фидойи маърифатпарварлари хақида бўлиб, унда Фарҳод Маҳмудов, Фурқат Файзиев, Баҳром Матчонов, Сейдулла Молдахоновлар билан бир қаторда ёш, иқтидорли актёр Акбархўжа Расулов, актриса Шахзода Матчоновалар суратга тушган.
«Фариданинг икки минг қўшиғи» бадиий фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади. Юз бераётган воқеа-ҳодисаларга эътибор бермай, одамлардан нарида уч нафар хотини билан умргузаронлик қилаётган Комил тўртинчи бор уйланади. Янги аёлнинг оилага кириб келиши билан боғлиқ баъзи можаролар ва ҳудуддаги сиёсий аҳвол хонадоннинг пароканда бўлишига сабаб бўлади.
ИЗОҲЛАР 0