Жавоҳир Зокиров фильми кенг омма ҳукмига тақдим этилди
Ўзига хос йўналишга эга, кўпгина муваффақиятли картиналарда бош ролда гавдаланадиган, бир сўз билан айтганда ўз ишининг устаси, актёр Жавоҳир Зокиров «Тошкентим онам» фильмини турмуш ўртоғи Шаҳризод Ғуломова билан бирга яратди. Фильм лавҳалари қиш мавсумига тўғри келган.
Премьерада картина жонкуярларини таништиришда ҳеч қандай бошловчига эҳтиёж сезилмади. Чунки Жавоҳир Зокиров бу ишни ҳам ўзи уддалади. Актёрларнинг кўпчилиги тақдимотда иштирок этмади. Сабаби улар съёмкада эканлигида бўлди.
Жавоҳир Зокиров, фильм режиссёри
Бу картинани Тошкентга бўлган муҳаббатим сабаб яратдим. Қачондан бери буни ният қилиб келардим, ниҳоят у амалга ошди. Тўғриси, мазза қилиб ишладик. Пойтахтнинг барча сўлим гўшаларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик. Албатта, маҳсул қанчалик муваффақиятли чиққани бу мухлис томоўа қилганидан сўнггина билинади. Яратилган фильм ҳақида билдирилган барча фикр ижодкорга жуда муҳим. Мен томошабиндан ўз мулоҳазаларини билдиришларини кутиб қоламан.
Актёрларнинг барчаси ҳам таниқли эмас, албатта. Актёр танлашда режиссёр уларнинг профессионал ижодкор эканлигига эмас, балки иқтидори бор, ролга унинг кўриниши, характери мос келишига асосий эътиборини қаратган.
Асосий ролларни Фарруҳ Зокиров, Жавоҳир Зокиров, Бобур Йўлдошев, Райҳон Уласенова, Бегзод Равшанов, Шоҳида Исмоилова, Элёр Носировлар талқин қилишган.
Шунингдек, фильмда барчага «Бригада» фильми орқали яхши таниш ва «Барон» фильмида роль ижро этган актёр Фарход Махмудов, Ирис Йўлдошева, Раъно Жўраева, Эркин Комилов, Нилуфар Камолова, Бегзод Ҳусаенов, Зоҳид Хаджаев, Ирода Исмоилова, Шахрбону Маликова, Сарвар Каратаев.
Фильм учун саундтрек Сайёра Мусаева томонидан ижро этилган.
Фильмда асосан, дўстлик, вафо, меҳр-оқибат ҳамда чин муҳаббат хусусида ҳикоя қилинади. Картина мелодрамма жанрида бўлишига қарамай, услуб ноодатий. Фильмда бир шаҳардаги турли оилалар, уларнинг яшаш тарзи, бир-бирига ўхшамайдиган тақдирлари очиб беришга ҳаракат қилинган.
Картинада Фарруҳ Зокиров ҳам, Жавоҳир Зокиров ҳам ўзларини ҳаётларини талқин этишган. Яъни амаки ва жиян бўлиб. Картина аввалида «Тошкентим онам» қўшиғининг яратилиш тарихи ҳақида Фарруҳ Зокиров айтиб беради. Эслатиб ўтамиз, бу қўшиқ нафақат кинода, балки ҳаётда ҳам устоз санъаткор томонидан ижро этилган бўлиб, унинг сўзи шоир Тўроб Тўла қаламига мансуб.
Энг муҳими фильмда китоб деталига алоҳида урғу берилган. Яъни, ҳаётда шундай вазиятлар бўладики, мана шундай вақтда ён-атрофдан «нажот» тополмасанг, бунда китоб сенинг энг яқин ҳамроҳинг бўлиши мумкинлиги кўрсатиб берилган.
Гавҳар Зокирова:
Бугун мен учун бахтли кун. Фарзанларим менга сюрприз қилишди. Иккаласи ҳам тинимсиз ишлади. Биз Жамшид акам билан икки ижодкор жуфтлик эдик. Мана энди Жавоҳир билан Шаҳризод ҳам шундай. Бизнинг ўрнимизни эгаллашди. Жудаям ҳурсандман. Болаларимга ижодий парвозлар тилайман.
Насиба Абдуллаева:
Таклиф учун ижодкорларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Мен тахмин қилмайман, балки қатъий ишонч билан айта оламан бу фильм жуда чиройли чиққан. Биз санъаткорлар доимо бир-биримизнинг ижод ишларимиздан хабардор бўлиб, қўллаб-қувватлашимиз керак. Картинага фақат муваффақият тилайман.
Бу картина унинг ижодкорлари томонидан мустақиллигимизнинг 26 йиллигига алоҳида совға тариқасида яратилган.
Мазкур фильмни томошабин 16 сентябрдан юртимиз кинотеатрларида кўришлари мумкин бўлади. Барча фильмлар афишаси билан сайтимизда танишинг.
ИЗОҲЛАР 0