«Қор маликаси» мюзикли намойишидан
Андерсеннинг энг машҳур эртаги асосида саҳналаштирилган мюзиклни ўзбек тилига таржима қилиш учун профессионал таржимонлар ёлланган бўлиб, қўшиқлар таржимасида Ҳасан ва Ҳусан Солиховлар шахсан қатнашганлар.
Режиссёрлар бу сафар ҳам актёрлар жамоасини мохирона тарзда танлаган бўлиб, улар ўз образларига жуда ҳам мос тушган.
Қалби муз «Қор маликаси» образини таниқли актрисаларимиздан Зарина Низомуддинова ижро этди.
Зарина Низомуддинова:
«Бу мюзикл ижодимдаги янгилик. Унда роль ижро этиш таклифи тушганда, ўйламасдан рози бўлдим. Мен ҳам Ситора ҳам ҳамма репетицияларга қизиқиш билан келдик. Бугунги намойиш кутганимдик бўлди. Саҳнадаги жонли ижронинг гашти ўзгача бўлар экан».
«Герда ва Кай» ҳикоясини эса томошабинга Ўзбекистон Халқ артисти Рамиз Усмонов сўзлаб берди.
Рамиз Усмонов:
«Шу кунгача бу мюзикл рус тилида тақдим этилган эди. Мен саҳнада чиққанимда болажанларнинг соғинчини кўрдим. Чунки бунақаси анчадан буён бўлмаган. Лойиҳа ижодкорлари мюзиклни ўзбек тилида тақдим этишга қарор қилганликлари тўғри фикр бўлган. Мен шахсан мухлислар кўзида ҳурсандчилик кўрдим ва уларга бизнинг эртагимиз маъқул келганига умид қиламан».
Герда ролида ёш ва истеъдодли актриса Ситора Алимжановани кўриш мумкин бўлди.
Ситора Алимжанова:
«Бундай тажриба мен учун биринчи марта ва албатта мюзикл бошланганда бир оз ҳаяжон бўлди. Мухлисларнинг қизиқиш билан томоша қилаётганини кўриб, саҳнада ўзимни эркин ҳис этдим».
Кай ролида 14 ёшлик актёр Камрон Саидмуродов. Мюзиклнинг кичик қаҳрамони унга топширилган вазифани аъло даражада уддалади.
Маслаҳатчи ролини актёр Аброр Йўлдошев жонлантирди.
Қирол образида намоён бўлган ўз ишининг устаси актёр Муҳаммадисо Абдулҳайировнинг ижроси томошабинга алоҳида завқ бағишлади.
Шунингдек, мухлислар Қарға образида Жасур Мирсагатовни, қароқчи қиз ролида хонанда Азиза Низомовани кўришга муваффақ бўлдилар.
Бу йил ҳам ёрқин саҳна декорациялари, образлар учун махсус яратилган либослар замонавий хореография ва жонли ижро гувоҳи бўлдик.
Янги йил томошасига келган мухлислар эртаклардаги ўзгармас эзгулик кучи, меҳр сеҳрига, мюзиклдаги қаҳрамонларнинг самимий ижроси орқали яна бир бор гувоҳ бўлишди.
Мюзик ҳали 10 январга қадар давом этади. Намойишлар вақти билан бу ерда танишинг.
Рус тилидаги «Қор маликаси» оилавий мюзиклининг биринчи ва иккинчи мавсумларидан шарҳ сайтимизда.
ИЗОҲЛАР 0