Миллатимиз фахрлари Тошкентга қайтиб келишди
XXXI ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси ушбу кун Ватанимиз Ўзбекистонга эсон-омон, соғ-саломат қайтиб келишди.
Спортчиларимизни муносиб тарзда кутиб олиш учун катта тайёргарлик кўрилган бўлиб, минглаб юртдошларимиз Тошкент аэропорти яқинидаги кўчаларга олимпиадачиларимизни олқишлаш ва кутиб олиш учун қўлларида Ўзбекистон байроқлари билан чиқдилар.
Риода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларига йўл олган 70 нафар спортчиларимиз бутун Ўзбекистон халқининг жуда кўп йиллар давомида ёдидан чиқмайдиган, тарих зарварақаларига битиладиган, унутилмас ғалаба ва совринлар билан қайтишди.
Хасанбой Дўстматов Руслан Нуриддинов
Диёрбек Ўразбоев Ришод Собиров
Элмурод Тасмуродов Рустам Тўлаганов
Шунингдек, спортчилар делегациясини кутиб олиш учун уларни боқиб катта қилган ота-оналари, яқинлари, санъат намоёндалари ОАВ вакиллари, маъсул шахслар ҳам Тошкент аэропортига жам бўлишди.
Карнай-сурнай садолари остида сабрсизлик билан ўз қахрамонларини кутаётган мухлислар ҳаяжонининг чеки йўқ эди.
Олимпиадачиларни кутиб олишга чиққан санъат вакиллари орасида театр актерлари Эркин Комилов, Зухра Ашурова, Дилноза Кубаева, Лола Элтоева, Шохида Исмоилова, Миролим Қиличевларни кўриш мумкин бўлди.
Аэропортга келиб қўнган самолётдан тушган спортчиларни барча йиғилганлар қутлашди. Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комилов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбековлар сўзга чиқдилар.
Шода медаллар билан қайтган спортчиларимизга ҳам сўз берилди, эсдалик учун суратларга тушдилар.
Озодбек Назарбеков ижросидаги қўшиқлар эса барча спортчиларни рақсга чорлади.
Тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг эса спортчиларимиз махсус буюртма орқали олиб келинган HIGER KLQ6119 GS икки қаватли автобус картежларида Тошкент кўчалари бўйлаб йиғилган мухлислар ёнидан табриклар ва олқишлар қуршовида Миллий олимпия қўмитасига йўл олдилар.
Байрам тантанаси ўша ерда давом этди.
Ўзбекистонимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига катта тўйона қилган барча спортчиларимизга миннатдорчилик билдириб, бутун ўзбек ахли улар билан фахрланишини такрор ва такрор таъкидлашдан чарчамаймиз.
Юртбошимиз айтганларидек, «Ўзбекистон келажаги буюк давлат» ва бизнинг спортчилар бутун дунёга Риода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида буни исботладилар.
Бу ўзбек ўғлонларига ва уларни оқ ювиб, оқ тараб катта қилган ота-онаналари ва мураббийларига миннатдорчилик билдириб, барча Ватандошларимизни ғалабаларимиз билан табриклаймиз.
Шунингдек, эслатиб ўтиш жоизки спортчиларимизнинг қайтиши муносабати билан Божалар гуруҳидан миллатимиз ғурурлари учун туҳфа қўшиқ тақдим этилди.
ИЗОҲЛАР 0