ТОКИО-2020 Кундалиги
Токиода XXXIII ёзги Олимпия ўйнлари ўз якунига етди. Ёпилиш маросимида Ўзбекистон байроқдори олтин медаль соҳиби, оғир атлетикачимиз Акбар Жўраев бўлди.
***
Токио олимпиадасининг сўнгги кунида +91 кг вазнли боксчимиз Баҳодир Жалолов финал жангини ўтказди. Ушбу баҳсда ҳамюртимиз америкалик Ричард Торрез билан рингга кўтарилди. Тўлиқ давом этган жангда ҳакамлар Баҳодир Жалоловнинг 5:0 ҳисобида ғалаба қозонганини қайд этишди. Баҳодир Жалолов Олимпия ўйинлари олтин медали соҳибига айланди.
Бу Ўзбекистон спорт делегацияси учун Токио Олимпиадасидаги учинчи олтин медаль бўлди. Бунгача Улуғбек Рашитов ва Акбар Жўраев ҳам Олимпиада чемпиони унвонига сазовор бўлганди. Шунингдек, Давлат Бобонов ва Бекзод Абдураҳмонов бронза медалини қўлга киритган.
***
Эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов бронза медали учун гиламга чиқди. Қозоғистонлик Данияр Каисановга қарши гиламга чиққан ҳамюртимиз 13:2 ҳисобида ғалаба қозониб, мамлакатимиз учун муҳим бўлган медални тақдим этди.
***
Токио-2020 Олимпиядасида Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиши керак бўлган спортчимиз Сабина Тошкенбоева коронавирус сабабли иштрок этиш имкониятидан маҳрум бўлди.
Унинг Токиога жўнаб кетиш олдидан топширган ПЦР тести ижобий чиққанлиги сабабли, эндиликда Ўзбекистон шарафини бу спорт турида Екатерина Фетисова ҳимоя қиладиган бўлди.
***
Токио-2020 олимпия ўйинларида бокс бўйича мусобақада +91 кг вазн тоифасида қатнашаётган ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов ярим финалда британиялик Фрейзер Кларкка қарши рингга кўтарилди ва ғалабага эришди. Спортчимиз бу натижа билан кумуш медални нақд қилиб қўйди ва энди финалда олтин медаль учун курашади.
***
Токио-2020 Олимпия ўйинларининг навбатдаги кунида оғир атлетика бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган спортчимиз Акбар Жўраев терма жамоамизга навбатдаги олтин медални олиб келди. 109 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Акбар Жўраев даст кўтариш баҳсларида 193 кг, силтаб кўтаришда 237 кг, умумий ҳисобда эса 430 кг тош кўтарди ва Олимпиада рекордини янгилади.
***
Токио Олимпиадасининг бешинчи кунида қуйидаги спортчиларимиз баҳсларда иштирок этишди:
Дзюдо: Илк жангдаги рақиби Демос Мемнелумни сониялар ичида мағлуб этган дзюдочимиз Гулноза Матниязова, иккинчи жангда нидерландиялик рақибасига иппон эвазига ютқазиб қўйди.
Дзюдо: Эркаклар ўртасидаги -90 кг вазн тоифасида кураш олиб борган ҳамюртимиз Давлат Бобонов бронза учун жангда туркиялик Михаэл Зганкни иппон эвазига мағлуб этди ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига БРОНЗА медалини ёздириб қўйди!
Бокс: 57 кг вазнли боксчимиз Миразизбек Мирзахалилов илк жангида яққол устунликка эгалик қилганига қарамай, ҳакамлар ирландиялик боксчининг ғалабасини қайд этишди.
Бокс: Боксчимиз Дилшод Рўзметов ҳам бугун илк жангидаёқ 1:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
***
27 июль, Токио Олимпиадасининг тўртинчи кунида қуйидаги спортчиларимиз баҳсларда иштирок этишди:
Дзюдо: Фарангиз Хожиева илк жангидаёқ рақибига имкониятни бой бериб қўйди.
Таэквондо: Ҳамюртимиз Светлана Осипова илк жангини қозоғистонлик Чансел Денизга қарши ўтказди ва сўнгги сонияларда 8:9 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Бокс: Бобоусмон Батуров Доминиканли рақиби Поландо Роханга қарши жанг ўтказди ва 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Дзюдо: Шарофиддин Болтабоев чорак финалгача етиб борди ва унда австриялик Шамил Борчашвилига Golden Score'да имкониятни бой бериб қўйди. Афсуски, Шарофиддин бронза учун ўтиш жангида ҳам имкониятни бой бериб қўйди ва Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади.
Сузиш: Сузувчимиз Хуршиджон Турсунов 100 метрга эркин сузиш бўйича 50.14 сония натижа билан ўз гуруҳида тўртинчи ўринни эгаллаган бўлса, умумий ҳисобда 41-ўринни эгаллади.
***
26 июль, Токио Олимпиадасининг учинчи кунида қуйидаги спортчиларимиз баҳсларда иштирок этишди:
Қиличбозлик: Ҳамюртимиз Зайнаб Дайибекова чорак финал баҳсигача етиб борди ва венгриялик Анна Мартонга қарши жангда 11:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Бокс: Боксчимиз Шаҳобиддин Зоиров илк жангида туркиялик рақибини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва иккинчи босқичга йўл олди!
Таэквондо: Нигора Турсунқулова асосий вақтда 9:9 ҳисобини қайд этади. Аммо қўшимча вақтда хитойлик рақибасига ютқазиб қўйди.
Дзюдо: Ҳикматиллох Тўраев иккинчи жангда кореялик рақибга қарши баҳс олиб борди ва Golden Score'да имкониятни бой берди.
Таэквондо: Никита Рафалович ярим финалгача бўлган баҳсларда ғалаба қозониб, ярим финалда иорданиялик рақибга ютқазиб қўйди. Бронза учун хорватиялик Тони Канаетга қарши жанг қилди ва афсуски имкониятни бой бериб қўйди.
Бокс: Фанат Қаҳрамоновнинг жанги грузиялик рақибининг жароҳати сабаб иккинчи раундда якунланди. Фанат Қаҳрамонов жангда кўрсатган устунлиги сабабли ғолиб деб эълон қилинди.
Оғир атлетика: Даст кўтаришда 98 кг натижа билан Олимпиада рекордини ўрнатган Муаттар Набиева Олимпиадани тўртинчи ўринда якунлади.
***
25 июль, Токио Олимпиадасининг иккинчи кунида қуйидаги спортчиларимиз баҳсларда иштирок этишди:
Кун давомида қуйидаги спортчиларимиз баҳсларда иштирок этишади:
Академик эшкак эшиш: Академик эшкак эшиш баҳсларида иштирок этган Шахбоз Холмирзаев ва Собиржон Сафаралиев ярим финал баҳсларида ҳам тўртинчи ўринни қайд этишди. Улар энди 6-ўрин учун кураш олиб боришади.
Таэквондо: 68 кг вазн тоифасида кураш олиб бораётган таэквондочимиз Улуғбек Рашитов Олимпиада чемпиони бўлди. Олимпия ўйинларининг финалида британиялик Брэдли Сиднен қарши даянга чиқди ва 34:29 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборлиси, Улуғбек ўзбек таэквондочилари тарихида биринчи бўлиб Олимпиада медалини қўлга киритди!
Олимпия ўйинларида Улуғбек Рашитов Сейду Фофана (Мали), Ли Даэ Хун (Жанубий Корея), Мирхашем Ҳуссайни (Эрон), Недзад Хусич (Босния ва Герцеговина) ва Брэдли Синден (Буюк Британия) каби таэквондочиларни мағлуб этиб, чемпион бўлди!
Бокс: Муросасиз кечган баҳсда ҳамюртимиз Турсуной Раҳимова польшалик рақиби Сандра Драбикни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Дзюдо: 66 кг вазн тоифасида кураш олиб бораётган спортчимиз Сардор Нуриллаев молдовалик Денис Виеруга қарши татамига чиқди. 20 дақиқадан ортиқ давом этган баҳсда Сардор жароҳат туфайли жангни якунлашга мажбур бўлди.
Дзюдо: 52кг вазн тоифасида иштирок этаётган ҳамюртимиз Диёра Келдиёрова ҳам афсуски илк жангидаёқ мағлубиятга учради.
Велоспорт: Шоссе баҳсларида ғолиблик учун кураш олиб борган ҳамюртимиз Ольга Забелинская 67 нафар спортчи ичида финишга тўққизинчи бўлиб етиб келди.
Спорт гимнастикаси: Оксана Чусовитина саралаш баҳсларида 11 ўринни эгаллади ва финал йўлланмасини қўлга кирита олмади. Ўзбек спортининг тирик афсонаси Оксана Чусовитина Токио Олимпия ўйинларидаги чиқишини якунлади. Саккиз карра Олимпия ўйинлари иштирокчиси Оксана Чусовитина Токиодаги иштирокидан сўнг фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
Бокс: Боксчимиз Элнур Абдураимов Чинзориг Баатарсухинга қарши рингга кўтарилди. Мураккаб кечган баҳсда ҳамюртимиз рақибини 4:1 ҳисобида мағлуб этди.
Оғир атлетика: Ҳамюртимиз Адҳамжон Эргашев 312 кг (139+173 кг) тош кўтарди ва мусобақани олтинчи ўрин билан якунланди.
Бокс: Боксчимиз Дилшод Рўзметов ирландиялик Эмметт Бреннанга қарши рингга кўтарилди. Жангда катта устунликка эришган ҳамюртимиз рақибини 5:0 ҳисобида мағлуб этди ва кейинги босқичга йўл олди.
***
Токио-2020 Олимпия ўйинларининг илк кунида терма жамоамизнинг 11 нафар вакили иштирок этмоқда.
Биринчи кун дастурида ҳамюртларимиз қайд этаётган натижалар эса қуйидагича:
Ўқ отиш: 10 метрдан милтиқдан ўқ отиш дастурида иштирок этган Мухтасар Тоҳирова саралашда 622.2 очко тўплаб, 33-натижани қайд этди.
Қиличбозлик, сабля: ҳамюртимиз Шерзод Мамутов руминиялик Юлиан Теодосиуга қарши жанг олиб борди ва 11:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Академик эшкак эшиш: мазкур спорт тури бўйича вакилларимиз Собир Сафаралиев ва Шаҳбоз Холмирзаев Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги биринчи чиқишларини якунлашди. Енгил қайиқдаги жуфтлик баҳсларида иштирок этган вакилларимиз 2000 метр масофага кечган дастурда 6:44.98 дақиқа натижа қайд этишди ва ўз гуруҳларида тўртинчи ўринни банд этишди.
Теннис: Денис Истомин – Сумит Нагал (Ҳиндистон). Ҳамюртимиз биринчи сетда 4:6 ҳисобида ютқазиб қўйди. Иккинчи сетни эса 7:6 ҳисоб билан ўз фойдасига ҳал қилди. Денис Истомин учинчи сетда 6:4 ҳисобида ютқазиб қўйди ва мусобақадаги иштирокини якунлади.
Велоспорт: Шосседаги гуруҳ пойгасида 234 км масофада кураш олиб борган ҳамюртимиз Муроджон Холмуродов 64-натижа билан мусобақани якунлади. Спортчимиз масофани 6 соат 21 дақиқа 46 сония ичида босиб ўтди.
Қиличбозлик, шпага: Юртимиз вакили Малика Ҳакимова хитойлик Йивен Сунга қарши кечган баҳсда 15:10 ҳисоб билан имкониятни бой берди.
Бокс: Боксчимиз Шаҳноза Юнусова польшалик рақиби Каролина Косевска билан кечган баҳсда мағлубиятга учраб, олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади.
Дзюдо: -60 кг вазн тоифасида Шарофиддин Лутфиллаев украиналик Артём Лесиукка қарши курашди. Муросасиз кечган беллашувда ҳамюртимиз имкониятни бой бериб қўйди ва Олимпиадани эрта тарк этди.
Бокс: Санжар Турсунов – Абдулхафид Бенчабла (Жазоир). 91 кг вазн тоифасида беллашган боксчимиз Санжар Турсунов жазоирлик рақибга қарши 1:4 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Спорт гимнастикаси: Расулжон Абдураҳимов кўпкураш дастурида, таяниб сакраш баҳсларида 13.833 балл, паралелл брус машқларида 14.733 балл тўплади.
***
Токиодаги «Олимпия» стадионида XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Юртимиз вакилларининг ундаги чиқиши ва маросимнинг бошқа қизиқарли лаҳзаларидан фотосуратлар:
***
Очилиш маросимига Тошкент вақти билан соат 16:00 да старт берилади. Тадбир Токиодаги «Миллий» стадионда ўтказилади. Иштирокчи давлатлар парадида биринчи бўлиб замонавий Олимпия ўйинларининг асосчиси ҳисобланмиш Греция чиқиб келади. Шундан сўнг мезбон давлат алифбоси бўйича давлатлар кетма-кетлиги чиқишни бошлайди. Япон алифбосига кўра Ўзбекистон олди қаторларда бўлиб, 25-ўриндан жой олган. Боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқулова Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари бўлади. Очилиш маросимини Sport каналида жонли эфирда томоша қилишингиз мумкин.
Токио ёзги Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик 71 олимпиячи спортнинг 17 тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб боради.
Токио Олимпиадасида юртимизни энг кўп боксчилари ва дзюдочилари намоён этишади. Улар бу йилги Олимпиаданинг 11 тадан лицензиясини қўлга киритишган.
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси
Олимпия ўйинлари 8 августга қадар давом этади. Ўзбекистонлик спортчилар 24 июлдан мусобақалардаги ўз иштирокини бошлайди.
Ўзбекистон президентининг 25 июнь кунги қарори билан Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларининг:
олтин медаль учун - 200 000 АҚШ доллари;
кумуш медаль учун - 100 000 АҚШ доллари;
бронза медаль учун - 50 000 АҚШ доллари;
миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши кўзда тутилган.
ИЗОҲЛАР 0