Ўзбекистон термаси Девис Кубоги плей-оффига чиқди
Тошкентдаги Республика Олимпия захиралари теннис мактабида норасмий жаҳон чемпионати ҳисобланган Дэвис Кубоги доирасидаги Ўзбекистон, ҳамда Хитой терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди.
Мусобақанинг учинчи кунидан ўрин олган сўнгги бешинчи учрашув ўз якунига етди. Унда мамлакатимизнинг иккинчи ракеткаси Фаррух Дўстов ажойиб ва муҳим ғалабани қўлга киритди.
Хитойлик Ди Вуга қарши кортга чиққан ҳамюртимиз рақибини 7:6, 6:3, 7:6 ҳисобида доғда қолдирди. Бу билан Дўстов терма жамоамизнинг умумий 3:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Бундан аввалги учрашувда мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин кутилмаганда Зе Жангга 6:3, 5:7, 6:2, 1:6, 4:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди.
Бугунги ғалаба Ўзбекистон терма жамоасини Жаҳон лигасига ўтиш учун ўтказиладиган плей-офф учрашувига олиб чиқди. Тез орада терма жамоамизнинг бўлажак рақиби қуръа ташлаш йўли билан аниқланади. Терма жамоамиз тўққизинчи маротаба жаҳон лигасига чиқиш учун уриниб кўради.
Манба: olamsport.com
ИЗОҲЛАР 0