Ўзбекистонлик спортчилар Халқаро турнир ғолиби
1 июндан бошлаб 4 июнга қадар Италияда сузиш бўйича Tiro a volo nuoto анъанавий халқаро турнири бўлиб ўтди. Мусобақада ўзбекистонлик спортчилар хам қатнашишди.
Рим шаҳри мезбонлик қилган халқаро турнирда хамюртимиз Хуршиджон Турсунов 100 ва 200 метрга эркин усулда сузиш бўйича баҳсларда рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва иккита олтин медални қўлга киритди. Унинг ҳар икки йўналишда қайд этган натижаси халқаро турнирнинг янги рекорди сифатида эътироф этилди.
Терма жамоамиз яна бир аъзоси Артём Козлюк 200 метрга баттерфляй усулда сузишда 2 дақиқаю 01,07 сония натижа билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва мазкур халқаро турнирнинг рекордини янгилади. Иқтидорли спортчимиз 50 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳсида ҳам энг зўри эканлигини исботлади. У белгиланган масофани 24.45 сонияда сузиб ўтиб, олтин медалга сазовор бўлди. 100 метрга баттерфляй усулида сузишда эса 54,04 сония натижа билан кумуш медални қўлга киритди.
Алексей Тарасенко ҳам турнирда муваффақиятли қатнашиб, уч хил йўналишда эркин усулда сузиш бўйича баҳсларда учта кумуш медалини қўлга киритди.
Ўзбекистон спортчилари тўртта олтин ва тўртта кумуш медалларига сазовор бўлдилар.
Хамюртларимизни ғалаба билан табриклаймиз.
ИЗОҲЛАР 0