
Рио-2016: Яшасин ўзбек ўғлонлари!
21 август санаси юртдошларимиз хотирасини ва қалбини ҳали узоқ вақт қувонч, ғурур, шараф-шонга тўлдириб туриши аниқ. Чунки худди шу санада Рио-2016 Олимпиада мусобоқаларида спортчиларимиз терма жамоамиз ҳисобига кетма-кет иккита олтин медални тақдим қилишди.
Рио–2016 Олимпия ўйинларининг бокс мусобақаларида 52 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Шахобиддин Зоиров олтин медаль учун россиялик Михаил Алоянга қарши жанг қилди.
Муросасиз, жон бериб, жон оладиган олишувда жуда ҳам қизиқ ҳолат, яъни биринчи раунда россиялик чарм қўлпоқ устасининг қўли баланд келган бўлса, иккинчи раунда юртдошимизнинг ҳисобига ёзилди.
Бизнингча мазкур жангдаги учинчи раундни барча юртдошларимиз юрагини ушлаб, катта ҳаяжон билан томоша қилган бўлса керак. Учинчи раундда жуда ҳам тезкорлик, аниқлик билан ҳаракат қилган Зоиров рақибига ҳеч қандай имкон қолдирмай, олимпиада ўйинларининг мутлоқ чемпионига айланди. Шаҳобиддин Зоиров финал жангига қадар ирландиялик Брендан Ирвин (1/16 финал), америкалик Антонио Варгас (1/8 финал), озарбайжонлик Элвин Мамишзаде (1/4 финал), венесуэлалик Ёел Ривас каби спортчиларни мағлуб этишга муваффақ бўлганди.
Шаҳобиддин Зоировгачага боксчи Хасанбой Дўстматов ва оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов терма жамоамиз ҳисобига олтин медалларни тақдим қилган эди.
Куннинг яна бир ҳаяжон билан кутилган жанги, яъни юртдошимиз Фазлиддин Ғойибназаров ҳамда озарбайжонлик, асли келиб чиқиши кубалик бўлган Коллазо Сотомаёрга қарши жангга чиқди.
Ғойибназаров олимпиада ўйинлари бошланишидан жуда вазминлик, аниқлик билан ҳаракат қилаётгани сабаб барчанинг меҳр-у муҳаббатига сазоввор бўлиб келаётган эди. Спортчимиз финалда ҳам эски анъанасига содиқ қолди.
Бу жанг шу даражада қизғин бўлганидан, уни шарҳлашга ҳам юрагимиз дов бермасдан, барча қатори лол-у ҳайрон бўлиб, катта ҳаяжонда ўтирдик. Хуллас биринчи раунда Озарбайжон шарафини ҳимоя қилаётган кубалик Коллазо ҳисобни ўз фойдасига ёзиб қўйди. Иккинчи раунда эса ҳакамлар иккига ажралиб қолди. Ҳал қилувчи раундда Ғойибназаров ачколар ҳисобига Каллозодан ўзиб кетди ва терма жамомиз ҳисобига жуда ҳам интиқлик билан кутилган тўртинчи олтин медални тақдим қилди.
Фазлиддин Ғойибназаровнинг қўли баланд кўтарилган вақтда спортчимизнинг ҳаяжонини, бутун юртдошларимизнинг ҳаяжонини тассаввур қилишнинг ва тасвирлашнинг иложи йўқ. Ўша дақиқалар, лаҳзалар ҳақида журналистлар жуда кўп ишлатадиган «таърифга тил ожиз» иборасини қўллаш жуда ҳам ўринли бўлар эди.
Фазлиддин Ғоибназаров финалга қадар конголик Малонга Дзаламоу (1/16 финал), ҳиндистонлик Манож Кумар (1/8 финал), америкалик Гери Расселл (1/4 финал), россиялик Виталий Дунайсев каби спортчиларни ер тишлатган эди.
Рио—2016 Олимпиада мусобоқаларида эркин кураш баҳсларида спортчимиз Ихтиёр Наврўзов олтинчи бронза медални тақдим қилган бўлса, мусобоқаларнинг -97 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Ўзбекистон вакили Магомед Ибрагимов бронза медали учун ўтиш ўйинининг иккинчисида ҳам ғалаба қозониб, терма жамоамиз ҳисобидаги бронза медаллар сонини яна биттага кўпайтирди.
Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчиларимиз сабаб, тарихда илк бора олимпиада мусобоқаларида 4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон делегацияси жаҳон мамлакатлари орасида 21 ўринни эгаллади.
МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистон Россия терма жамоасидан кейин 2 поғонани қўлга киритган бўлса, Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчи бўлиб турибди. Мазкур мусобоқаларда Ўзбекистон делегацияси ўзининг 25 йиллик тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди.
Яна бир бора барча юртдошларимизни юқоридаги муваффақиятлар билан табриклаймиз. Ўзбек ўғлонлари бутун дунёга ўзининг нималарга қодирлигини намоён қилишдан чарчашмасин. Яшасин, яшасин ўзбек ўғлонлари.

ИЗОҲЛАР 0