Бадиий гимнастикачиларимиз кучларини кўрсатишди
Якка баҳсларда ўз маҳоратларини намойиш қилган гимнастикачиларимиз Сабина Ташкенбаева, Екатерина Фетисова ва Нуриниссо Усмоновалар умумжамоа ҳисобида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлсалар, Сабина Ташкенбаева шахсий яккакурашда тенгсиз бўлди ва юртимиз мадҳиясини яна бир бор янграшига ўз ҳиссасини қўшди. Финал баҳсларида Екатерина Фетисова ҳалқа билан машқда бронза медалига сазовор бўлди.
Гуруҳ баҳсларида Екатерина Пирожкова қўл остида тарбияланаётган Нилуфар Шомуродова, Динара Равшанбекова, Софиябону Қасимова, Камола Ирназарова, Ксения Александрова ва Севара Сафоевалар кураш олиб бордилар. Кўпкураш баҳсларида иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалига сазовор бўлган қизлар, финал босқичида 5та тўп ва 3та ҳалқ/2 жуфт чўқмор билан бажарилган машқларнинг ҳар иккисида ҳам тенгсиз бўлиб, Япониядек рақибларни ҳам ортда қолдирдилар ва Ўзбекистон ҳисобига яна иккита олтин медални қўшиб қўйдилар.
Шунингдек, ўсмир қизлар ўртасида Ёсмина Рахимова ва Тахмина Икромова якка кураш баҳсларида умумжамоа ҳисобида шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилиб, мусобақанинг кумуш медали соҳибига айландилар. Таҳмина финал баҳсларида ҳалқа билан машқда кумуш, тасма билан машқда эса олтин медалларни қўлга киритди. Тўп билан машқда ҳамюртимиз Ёсмина Раҳимова рақибларига имконият қолдирмади ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Аъзамова Нилуфар, Абдуллаева Камила, Ким Виктория, Ирназарова Мадина, Исхакзода Мумтозабонудан иборат жамоа эса гуруҳ баҳсларида ўз маҳоратларини намойиш қилдилар. Кўпкураш баҳсларида олтин медалга сазовор бўлган қизларимиз, финал баҳсларида 5та ҳалқа билан машқда олтин, 5та тасма билан машқда эса кумуш медалларни қўлга киритдилар.
Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган қизларимизни ва уларнинг мураббийларини катта муваффақият билан табриклаб, янада улкан зафарлар тилаб қоламиз.
ИЗОҲЛАР 0