
Бодибилдинг чемпиони ва актёр Ҳабибулла Низомов билан суҳбат
— Яхши спорт кўринишида бўлиш учун қаерда шугулланган маъқул? Уйдами ёки спорт залида?
— Демак, инсон ўз вазнига шуғулланадиган бўлса, мускуллар кўп ривожланмайди. Мускуллар кўп ва тез ривожланиши учун ўзининг вазнидан ташқари оғирроқ штанга, гантеллар билан шуғулланиши керак. Агар уй шароитида штанга, гантеллар бўлса, натижага эришиш мумкин.
— Қўшимчалар ичишда нималарга риоя қилиш керак, умуман тўғри овқатланишда нималарга аҳамият бериш зарур?
— Мускуллар тўғри ривожланиши учун ёғли таомлар, ширинликлар ва нон маҳсулотларини камроқ истеъмол қилиш керак. Асосан оқсил моддаларга эътибор қаратиш ва кўп истеъмол қилиш керак, чунки мускулларнинг қурилиш хом-ашёси оқсил бўлади. Оқсил моддалари гўшт, тухум, балиқ, ловия каби маҳсулотларда кўп бўлади.
— Шахсий мураббий билан шуғулланишнинг афзаллик ва камчиликлари нимада?
—Кўпчилик ҳаваскор спортчилар интернетдан ҳар хил дастурларга, видео роликларга қараб шуғулланишади. Мазкур дастурлар шуғулланаётган инсонга тўғри келадими, йўқми буни ҳеч ким олдиндан айта олмайди. Шу сабабли ҳам мураббий билан шуғулланган ҳар томонлама фойдали бўлади. Чунки мураббий билан шуғулланганда овқатланиш, ухлашдан тортиб, қанча вазн билан шуғулланишигача назоратда бўлади.
—Мушакларни тез ва осон чиқаришнинг сири борми? Агар шундай сир бўлса уни бизга ошкор қилинг?
—Кўпчилик уч ойда зўр бўламан, олти ойда зўр бўламан деб ўйлайди. Аммо бу нотўғри фикр. Мушакларнинг кўркам бўлиши секин-секин, мунтазм машқлар натижасида бўладиган жараёндир. Қўшимча спорт озуқаларини истеъмол қилиш ҳам мушаклар тез чиқишига ёрдам беради. Бу озуқаларга протеинлар киради.
—Қанча вақтда яхши натижага, кўркам кўринишга эришиш мумкин?
—Бир, икки йил ичида яхшигина спорт формасига кириб олса бўлади.
—Сиз қанча вақт ичида ҳозиргидек кўринишга эга бўлгансиз?
—Тўрт йил мунтазм шуғулланганман. Ўша тўрт йиллик шуғулланишдан сўнг мусобоқада иштирок қилганман.
—Доим офисда ўтирадиганлар ва спорт билан шуғулланишга вақти бўлмаганлар учун 2 та машқ тавсия қилсангиз?
—Асосан енгил ҳаракатлар, яъни ўтириб туриш ҳамда ердан қўлга таяниб кўтарилиш машқларини тавсия қиламан.
—Доим яхши кўринишда бўлиш учун қандай машқларни тавсия қиласиз?
—Турникда тортилиш, ердан қўлларга таяниб кўтарилиш ва ўтириб туриш машқларини тавсия қилган бўлардим.
—Кўп куч сарфланмайдиган, аммо яхши натижа берадиган машқларга қайси машқлар киради ?
— Гантеллар билан шуғулланиш. Гантелли машқлар қўл мускулларини тез ривожлантиради, шу сабабдан гантель билан кўпроқ қўл машқларини бажаришни тавсия қиламан.
—Бодибилдинг спорт тури бўйича эришган муваффақиятларингиз нималардан иборат?
— 2009 йил апрел ойида Ўзбекистон кубоги совриндори, 2009 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида мутлоқ чемпион бўлганман. Осиё чемпионатида фаҳрли олтинчи ўринни эгаллаганман.
— Шоу-бизнес вакилларининг кўпчилигига сиз мураббийлик қиласиз дейдилар. Хусусан, хонанда Озодбек Назарбеков, актёр Улуғбек Қодиров бодибилдинг қонун-қоидаларини сиздан ўргангани ростми?
— Бундан тўрт йилча аввал Озодбек Назарбековга спорт дўконидан машқ анжомларини танлаб, унда фойдаланиш қоидаларини ўргатганим рост. Аммо уларга доимий мураббийлик қилмайман. Уларни инсон сифатида ҳам, санъаткор сифатида ҳам жуда ҳурмат қиламан. Ҳар кўришганимизда шуғулланишга вақтлари бўлмаганига шама қилиб: «Спорт анжомлари мендан хафа»-, деб қўядилар. Улуғбек Қодировга эса ростдан ҳам мураббийлик қиламан, ҳар куни қандай машқлар бажараётгани, қандай овқат истеъмол қилаётганини назорат қилиб бораман. Шунга яраша Улуғбекда натижа ҳам анча яхши. Агар Озод ака ҳам доим шуғулланиб борганида, уларда ҳам натижа жуда яхши бўлар эди.
— Сизнинг мураббийлигингиз остида жуда ҳам яхши натижаларга эришган шоу-бизнес вакили борми?
— Бодибилдинг билан шуғулланишга энди аҳд қилган вақтда Жаҳонгир Позилжонов жуда озғин эди. Аммо у яхшигина шуғулланиб, 11 килограмм вазн йиққан.
— Қайси фильмларда роль ижро қилгансиз?
— «Қароқчилар», «Дада», «Ака», «Севги - балки бу Жаннат», «7 олам», «Дилор, дилор дил ва ор», «Катта ҳовли», «Барон», «Арслон изидан», «Яна маҳаллада дув-дув гап» каби филмларда роль ижро қилганман.

ИЗОҲЛАР 0