alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Саёҳат

Ўзбекистоннинг гўзал масжидлари

Ўзбекистон ҳудудида жойлашган энг чиройли ва архитектура томонидан бетакрор бўлган масжидлар.

 

«Минор» жоме масжиди Тошкент

«Минор» жоме масжиди  азим  пойтахтимиз марказида, оқиб ўтувчи Анхор бўйида қад ростлаган. Қурилиш ишлари 2013 йилда бошланган масжиднинг расмий очилиши 2014 йилнинг 1 октябр санасида, Муборак Қурбон ҳайитида бўлиб ўтган. Иншоатга бир вақтнинг ўзида 3000га яқин одам кетади. Асосий бино икки қаватли намозхона, 2та айвон, 38 метр баландликдаги икки минора, ҳамда мовий гумбаздан иборат. Масжид ҳовлисининг икки тарафида ҳам миллий ёғоч ўймакорлиги асосида безатилган устунлар қад ростлаб туради.

 

«Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди – Тошкент

Кўкча маҳалласи ҳудудида жойлашган «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди 700 йиллик тарихга эга. Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасига қарашли «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди Шайх Зайниддин мақбараси ёнида жойлашгани учун, масжид 1943 йилда очилгандан буён шу ном билан аталади. Халқ тилида «Кўкча» номи билан юритилади. Мустақиллигимизнинг 20 йиллик байрами арафасида масжид биносининг ички қисми капитал таъмирдан чиқарилган. Масжид интерьери учун хос бўлган хаттотлик санъати, ганч ва ёғоч ўймакорлик ишлари кенг қўлланилган. Кўкка бўй чўзиб турадиган осмонўпар минора ва маҳобатли гумбаз иншоатнинг энг эътиборга лойиқ қисмидан бири. Масжид биноси 6000 намозхонга мўлжалланган.

 

Бибихоним жоме масжиди – Самарқанд

Жоме масжид Ислом дунёсида аввал энг йирик иншоотлардан бири ҳисобланган. Шунингдек, у Марказий Осиё меъморлик санъатининг классик намунасидир. Амир Темур машҳур усталар ва меъморларни бу улкан иморатнинг лойиҳасини тузиб, барпо этишга буйруқ берган. Соҳибқирон Амир Темур, масжид қурилиши вақтида ҳарбий юришларда бўлганлиги боис қурилишга Сароймулкхоним – Бибихоним раҳбарлик қилган ва шу сабаб ҳам у эл ичида Бибихоним масжиди, деб юритилади. Иншоат архитектура томонидан дунёдаги гўзал масжидлардан биридир. Масжид гумбазининг доира асосли сиртига муқаддас Қуръон оятлари битилган ва гумбаз феруза кошинлар билан безатилган. Бино нақшлар соддалиги ва гумбазининг кунгиралиги билан ажралиб туради. Жоме масжидининг ички қисмини пардозлашда наққошлик безаклари қаторида зарҳал бўртма гулқоғоздан фойдаланилган. Истиқлол йилларида жоме масжидини тиклашга алоҳида эътибор берилган.

 

Болои Ҳовуз жоме масжиди – Бухоро

Болои Ҳовуз жомеъ масжиди 1712 йилда Бухоро шаҳри Арк қаршисидаги Регистон майдонида қурилган. Арк Бухоро амирларининг қароргоҳи бўлган. Масжид симметрик шаклда ва қирралари перпендикуляр тарзда қурилган. Масжид айвони ёғочли устундан иборат. Айвон юқориси махсус безатилган ва ҳашаматли қилиб ишланган.
1914-1917 йилларда халқ устаси Уста Ширин Муродов томонидан масжид капитал таъмирланган. Шунда уста масжид яқинида бир минора ҳам қурган. Ҳозирги кунда Болои Ҳовуз жомеъ масжиди - минора, 8 бурчакли ҳовузни ўз ичига олади. Ҳовуз, масжид ва минора яхлит бир мажмуани шакллантирган. Мазкур қадим тарихга эга масжид бетакрор архитектурага эга бўлиб, ёғоч ўймакорлиги асосида қад ростлаган устунларда ўзгача гўзаллик акс этган.

 

Калон  жоме масжиди – Бухоро

Жоме масжид Бухородаги меъморий ёдгорлик ҳисобланади. Марказий Осиёда катталиги бўйича Бибихоним масжидидан кейин иккинчи ўринда турган. Масжид темурийлар архитектураси анъаналарида қурилган бўлиб, қадама нақш билан безатилган. Калон  жоме масжиди Мовароуннаҳрда қурилган илк масжид бўлиб, 1997 йили Бухоро шаҳрининг 2500 йиллигига тайёргарлик жараёнида Юртбошимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан Масжиди Калон тўлиқ таъмирланган. Бухоро шаҳри марказидаги тарихий меъморий ёдгорликлар қаторида масжиди Калон ҳам ЮНЕСКО жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 06-07-2016

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг