Gigu'дан Ramadan туҳфаси
Ramadan номли либослар тўплами намойишидан аввал, томошабинлар эътиборига видеролик намойиш этилди. Унда 2010 йилда фаолиятини бошлаган Гулчеҳра Юнусованинг бугунгача эришган муваффақиятли онлари ҳамда иш жараёнлари акс этди.
Тақдимотни Зайнаббегим Юнусова олиб борди.
Асосан, аёллар либосларини яратувчи дизайнернинг бу галги тўпламидан эркаклар кийимлари ҳам ўрин олган. Илк намойиш ҳам айнан эркаклар учун яратилган яктаклар тақдимотидан бошланди. Дизайнер миллий яктакларимиз бичимига замонавий мода элементларини қўшган ҳолда янгича кўриниш яратган.
Экранда акс этган муслима аёл образи ва унга монанд ёзилган «Ўзбек аёли» номли гўзал шеърдан сўнг, аёллар либоси намойишига навбат берилди.
Либосларда асосан, шойи адрас, шифон ва виллур матоси ишлатилган. Ранглар бир-бирига уйғун ҳамда ёрқин. Ортиқча эътиборни тортмайди, либосларни кундалик турмушда ҳам, базмларда ҳам кийиш мумкин. Энг муҳими, либосларни тайёрлашда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган матолардан фойдаланилган.
Тақдимотни эстрадамизнинг хушчақчақ хонанларидан бири Мадина Мумтоз ўзининг «Рамазон» номли янги таронаси билан якунлаб берди. Шундан сўнг, байрам дастурхони барчани ўз атрофига чорлади.
GIGU бренди асосчиси Гулчеҳра Юнусова:
Тўпламни Ramadan деб номланишига сабаб - мазкур муборак ой арафасида тақдим этилаётганидир. Барчага байрам туҳфаси бўлишини истадик. Ундан 24та аёллар, 9та эркаклар ва битта қизалоқлар либоси ўрин эгаллаган. Ҳар гал либосларимда миллий матолардан фойдаланаман. Навбатдагисида ҳам миллийлигимизни сақлаб қолишга алоҳида урғу берганман.
Хонанда Умидахон:
Ҳар бир тақдимоти ўзига хос, бу галгиси ҳам менда катта таассурот қолдирди. Кутмагандим, жуда чиройли либослар яратган. Шунақа чиройли қилиб яратиб қўйганидан, ўзим ҳам шундай усулда кийинишни истаб қолдим. Бу эса Гулчеҳранинг ютуғи, деб ҳисоблайман.
Дизайнер, актриса Шаҳзода Муҳаммедова:
Гулчеҳрани тикаётган либосларида шарқоналик, араб йўналиши бор. Шу сабаб унинг ишлаш услуби бошқа дизайнерлардан фарқ қилади. Бугунги либослар ҳам жуда чиройли. Кундаликда кийганда ҳам ноқулайлик келтириб чиқармайдиган бежирим либослар бўлган. Ижодларига улкан парвозлар тилайман. Улардан кутилмаган ва янада қизиқарли либослар тўпламини кутиб қоламиз.
Тақдимот маросимига санъатимизнинг ёрқин юлдузлари Зарина Низомутдинова, Дилсўз, Шаҳзода Матчанова, Нилуфар Усмонова, Шаҳзода Муҳаммедова, Лола Ахмедова, Мадина Мумтоз, Халимахоним Ибрагимова, Умидахонлар ҳам ташриф буюрди.
ИЗОҲЛАР 0