Nobile'да юлдузлар ёғдуси
Янги илованинг афзалликлари ҳақида биринчилардан бўлиб билиб олиш учун тадбирга пойтахтлик дизайнерлар ва эстрада юлдузлари ташриф буюрдилар.
Тадбирни Севара Назархон ва илова муаллифи Нажот Агзамов очиб бердилар.
Sado мусиқий плеери – смартфон учун қулай илова бўлиб, Sado мусиқий плеери – мобил илова бўлиб, у премрьера тароналар, клипларни тўғридан-тўғри тинглаш ҳамда томоша қилиш, шахсий оффлайн пейлист яратиш ва уни телефон хотирасига сақлаб қўйиш имкониятини беради.
Нажот Агзамов, Sado мусиқий плеери муаллифи:
«Бизнинг илова нафақат фойдаланувчиларга сифатли мусиқа контентига эга бўлиш, балки санъаткорларнинг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш имконини ҳам беради. Чунки, Sado мусиқий плееридан фойдаланиш учун, фойдаланувчилар sadomusic.uz пулли сайтида рўйхатдан ўтишлари керак бўлади. Бугунги кунда 80дан ортиқ ўзбек санъаткорлари билан ҳамкорлик қилмоқдамиз».
Шуҳрат Байахмедов, Art Web компанияси таъсисчиси, Sado иловаси яратувчиси:
«Биз, санъаткорлар қўшиқларини айлантириш учун катта маблағ сарфлашини яхши биламиз, шу ўринда. Санъаткорларимизни мусиқа тарқатишнинг замонавий йўлларини ўрганишларини хоҳлаймиз. Тез орада халқаро пул тўлаш тизимини ҳам йўлга қўямиз ва натижада иловадан хорижий мамлакатларда ҳам фойдаланиш имкони пайдо бўлади. Мазкур иловани ишлаб чиқиш учун бир йил вақт сарфладик».
Оқшом давомида Севара Назархоннинг «Сен яшар» деб номланган янги қўшиғи тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Кечанинг бош сюрпризи хонанданинг 2018 йилда чиқадиган янги ижод намуналари акс этган видео-тизер бўлди. Унда рэппер Шаҳриёр билан куйланган «Севилмоқлик» деб номланган дуэт тарона, «Кунлар» қўшиғига мусаввир Бобур Исмоилов томонан яратилган иллюстрациялар акс этган клип, шунингдек, инглиз тилидаги Don`t stand таронаси ўрин олган.
Севара Назархон, хонанда:
«Янги асарларимиз тизерини тақдим этар эканмиз, мен ва жамоамиз янги йилда биздан нималарни кутишлари мумкинлиги ва биз бир жойда турмай, доимо ҳаракатда эканлигимизни кўрсатмоқчимиз».
Оқшомни Mursak брендининг янги тўплами намойиши давом эттирди. «Шарқ жилоси» деб номланган коллекция 15та лукдан ташкил топган бўлиб, унда баҳмал, газ, шифон матоларидан фойдаланилган, либосларга мунчоқлар ёрдамида безак берилган. Мазкур тўплм илк маротаба Tashkent Fashion Week 2017да намойиш этилган.
Нилуфар Абдувалиева, Mursak модалар уйи асосчиси:
«Мен миллий матоларимизни жуда яхши кўраман ва улар билан ишлашни давом эттираман. Жуда кўп маҳоратли дизайнерлар ишларини кузатаман ва ҳар сафар янада юқори сифатли тўпламлар яратишга ҳаракат қиламан».
Кеча бошловчиси Жаҳонгир Мирзо бўлди, диджей Kyamran Silence мусиқий кайфият улашди.
Рашид Холиқов, хонанда:
«Шахсан ўзим мусиқий иловаларан фойдаланмайман, лекин, ишлаб чиқувчилар тингловчиларга тўғри ёндоша олсалар, илова машҳур бўлади ва кўплаб яхши ва сифатли мусиқа беради деб ўйлайман».
Муниса Ризаева, хонанда:
«Тадбир юқори даражада ташкиллаштирилган. Илованинг ўзига келадиган бўлсак, у санъаткорларга муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишда ёрдамчи бўлиб, тингловчилар эса фақатгина яхши мусиқа тинглаш имконига эга бўладилар. Барча жамоага омад ва ишларида ривож тилайман».
Оқшом якунида Ботир Зокиров грампластинкаси, Glamour бутигидан Alexander McQueen сумкаси ва Stefano Ricci камари ўйналди.
Тадбирдан барча фотосуратларни бу ерда кўришингиз мумкин.
ИЗОҲЛАР 0