Манзура янги клиплари ва альбом тақдимотини ўтказди
Тақдимотда Манзуранинг оила аъзолари, яқин дўстлари, касбдошлари, қариндошлари-ю машҳур дизайнерлар, ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тақдимотни бошловчи Дилмурод Ғуломов олиб борди.
Дастлаб «Тингла фарёдим» номли қўшиқ ва унга ишланган клип томошабинлар эътиборига хавола этилди.
Шундан сўнг, бирин-кетин муносабатлар билдирилди.
Хонанда Ирода Дилроз:
Бугун Манзура билан дўст бўлганимга 21 йил тўлди. Авваламбор, мана шундай ажойиб қўшиқ ва клип билан табриклайман. Қарангки, Манзуранинг энг яқин дўсти - бу китоб. Айнан шу клипда ҳам китоб деталидан фойдаланибди. Дугонамнинг ҳар бир қўшиғи инсонлар кўнглига жуда яқин ва бу тарона ҳам юраклардан жой олишига ишонаман.
Бундан ташқари клипда суратга тушган Муқаддас Саъдуллаева ва Шахло Темировалар ҳам сўзга чиқиб, хонандага муваффақиятлар тилашди.
Хонанда мазкур қўшиғи орқали бугунги кундаги энг долзарб муаммолар - сохталик, манфаатпарастлик, нафс, хиёнат каби тушунчаларнинг кучайиб бораётгани, одамлар эса уларнинг «қулига» айланаётгани ҳақида ҳикоя қилинади. Бу ерда айнан маърифат туйғусигина муаммоларнинг ечими эканлиги кўрсатиб берилади.
Кейин саҳнада иккинчи премьера қўшиқ янгради. Қарсакларга қараганда, мазкур тарона ва унга ишланган клип барчага бирдек манзур бўлди. Мазкур таронадан сўнг ҳам ижодкорларнинг фикрлари тингланди.
Хонанданинг ижодига муносабатлар кўп бўлди ва биз, телебошловчи Зайнаббегим Юнусованинг фикрларига қулоқ тутдик:
Бугун янграган қўшиқлардан мен шуни сездимки, дугонам улғайибди. Тароналарда дард борлиги шундоққина сезилиб турибди. Манзура бир ишга киришдими, албатта ниҳоясига етказади. Мен уни нафақат ижодкор сифатида, балки оддий инсон яъни дугонам сифатида яхши биламан. Жуда оқкўнгил ва дилидаги тилида. Шу жиҳатларини жуда ҳурмат қиламан. Омадини берсин!
Кечага ташриф буюрган санъаткорлар меҳмонлар:
Хонанда Мавлуда Асалхўжаева,
Хонанда Райҳон Ганиева,
Актриса Шаҳло Темирова,
Хонанда Улуғбек Раҳматуллаев,
Хонандалар Зохиршох Жўраев ва Муниса Ризаева,
Хонанда Мадина Мумтоз,
Дизайнер Хилола Шер, ҳамда хонанда Ирода Дилроз,
Актриса Муқаддас Саъдуллаева.
Тақдимот маросими Шаҳриёрнинг шўх тароналари билан якунланди.
Тақдимотдан сўнг, хонанда Манзурани суҳбатга тортдик:
- Альбомдан нечта қўшиқ ўрин эгаллаган?
- Жами 16та тарона бўлиб, улардан иккитаси премьера қўшиқлар. «Тингла фарёдим» ва «Қалбимга кир».
- Премьера тароналарга бироз тўхталсангиз.
- «Тингла фарёдим»ни шоир Тоҳир Муҳаммад ва бастакор Жасур Бадалбоев билан ҳамкорликда яратдик. Шунингдек, клипмейкер Дилмурод Агзамов режиссёрлигида клип тасвирга олинди. Кейингиси «Менинг қалбим» қўшиғининг сўзи устида Шоҳжаҳон ва мусиқа аранжировкаси билан Ботир Алиевлар шуғулланди.
- Мазкур альбом тақдимотингизни бошқаларига қараганда қандай фарқи бор?
- Биласизми, тақдимотдан ўрин олган қўшиқларимнинг сўзи устида яхши ишланди. Орада шоирлар билан маслахатлашдим ҳам. Хоҳладимки, қўшиқларим фақат ўлдим-куйдимдан иборат бўлмай, балки ёшларни тарбияга чорлайдиган аҳамиятга эга бўлсин.
- Одатда, альбом тақдимоти концерт дастуридан кейин ўтказиларди. Нега сиз бошқача йўл танладингиз?
- Ўтган йили баъзи бир сабабларга кўра яккахон концерт бера олмадим. Бу йил ҳам аниқ айта олмайман. Шунинг учун мухлисларимни ортиқ куттиришни истамай, альбом тақдимотини ўтказишни истадим.
Эслатиб ўтамиз бундан аввал хонанда Райҳон айнан шу масканда «Намасте» номли таронаси тақдимотини ўтказган эди. Батафсил бу ерда.





ИЗОҲЛАР 0