alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Таом

Рухшонадан ҳайит пишириқлари рецепти

Азизлар! Ҳар бир ўзбек хонадонида ҳайит дастурхони ўзгача бир иштиёқ билан безатилади. Барча ўзбек қизлари каби эстрадамиз юлдузлари ҳам ҳайит айёмига алоҳида тайёргарлик кўрадилар. Бугун сизларга ёш истеъдод соҳибаси Рухшонадан ҳайит пишириқлари рецептини тақдим этамиз.

alt
 
“БЎҒИРСОҚ”
 
Бунинг  учун керак бўладиган маҳсулотлар:

1.      1 кг ун;
2.      1 стакан сут;
3.      0,5 стакан эритилган қўй ёғи ёки сариёғ;
4.      1 дона тухум;
5.      2 ош қошиғида шакар;
6.      0,5 чой қошиғида туз;
7.      30 г хамиртуруш;
8.      Фритюр учун 1 кг ёғ (омихта ёғ бўлса яна ҳам соз бўлади).
 
Керакли маҳсулотларни тайёрлаб олганимиздан сўнг, бўғирсоқ хамирини тайёрлашга киришамиз.
Бунинг учун тоғорага 1 стакан илиқ сут ва сув, 0,5 стакан эритиб олинган қўй ёғи, бир дона тухум, 2 ош қошиқ шакар, 0,5 чой қошиғида туз, 30 г хамиртуруш солиб оқ ундан хамир қоришга киришамиз. Хамирни оширмасдан, хасипга ўхшатиб чўзамиз. Кейин эса чўзилган хамирдан ёнғоқ шакли катталигида бўлакчалар кесиб оламиз. Бўғирсоқ усти кунгира бўлишини истасангиз (бу албатта бўғирсоқ чиройли кўринишда бўлишини таъминлайди) ҳар бир хамир бўлакчасини ғалвирга ёки човлига қўйиб бош бармоқ ёки кафт билан сал босиб айлантириб оламиз.
Бўғирсоқ учун хамир тайёр бўлганидан сўнг, қозонда ёғ доғлаб оламиз. Ёғ доғ бўлганидан сўнг, қозон катталигини инобатга олган ҳолда, бўғирсоқлар бир-бирига ёпишиб қолмаслиги учун бир нечта бўғирсоқ хамирини солиб, қизариб олгунча пиширамиз. Пишган бўғирсоқларни ёғини силқитиб олиш учун човлида сузиб оламиз, бўғирсоқ ёғи силқиб бўлганидан сўнг, чиройли идишга уларни териб чиқиб, чиройли кўринишга эга бўлиши учун устига қанд упасини сепишингиз ҳам мумкин.
 

 
  “ҚУШ ТИЛИ”
 
 “Қуш тили” учун керакли маҳсулотлар:
 
1.      1 кг ун;
2.      0,5 стакан сув;
3.      2 та тухум;
4.      0,5 стакан сариёғ;
5.      1 ош қошиғида шакар;
6.      Қовуриб олиш учун 1 кг пахта мойи керак бўлади.

Хамир қориш тартиби:

Биринчи бўлиб шакарни озгина сувда эритиб оламиз, 2 та тухум чақиб хамир қоришга киришамиз, хамир қораётган вақтда унга ёғ ҳам қўшамиз. Хамирни қориб бўлганимиздан сўнг, уни бир зум тиндириб қўямиз. Хамир тингандан сўнг, ўқлов ёрдамида юпқа қилиб ёйма тайёрлаб оламиз. Кейин эса чети жимжима пичоқдан фойдаланиб, ўзизга ёқкан шаклда, тўрт бурчак, ромба ёки учбурчак шаклларида кесиб олишингиз мумкин.
Ёғ солинган қизиган қозонга хамир бўлакларини солиб пишириб оламиз. Қуш тилини пишираётган вақтингизда қозон бошидан кетманг, чунки қуш тили жуда ҳам тез қизариб, куйиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Қуш тилини тилла рангга киргандан сўнг қозондан сузиб олишингиз мумкин. Човлига солиб, бир оз ёғини оқизиб олинг. Қуш тилини табингизга кўра шакар упаси билан ҳам безатишингиз мумкин.
 
 
Сизларга таклиф қилган рецептим маъқул келади деб умид қилиб қоламан.

Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин!!!


Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 27-07-2014

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг