ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
Таом

Ҳайит дастурхонига 5 гўзалдан 5 рецепт

19503
0

Ҳайит байрами дастурхонининг энг ажойиб, кўркли ширинликларидан бири – пахлава ҳисобланади. Унинг тайёрланиши бегойимлардан анчагина маҳорат, қунт талаб қилади. Мазкур ширинликнинг тайёрланиш рецептлари эса турли ҳил. Кино актрисаси Севара Солиеванинг ҳам пахлава тайёрлаш услуби бўлиб, қуйида мазкур рецепт билан танишишингиз мумкин.

alt

Керакли маҳсулотлар:

  • маргарин (шедрое лето) - 250 гр;
  • қатиқ ёки сметана - 1 стакан;
  • тухум - 6 дона;
  • ун - 4 стакан;
  • ванилин ва сода;
  • магиз ва ёнғоқ.

Тайёрланиши:

Дастлаб, хамир тайёрлаб олинади. Ишни маргарин ва унни аралаштиришдан бошлайсиз. Сметана (қатиқ)га озгина сода солиб, кўпчитиб соласиз, кейин 5 дона тухумни сариғини соласиз. Барча масаллиқлар яхшилаб қорилади. Пахлава хамири тайёр ҳолатга келгандан сўнг хамирни 3 бўлакка бўлиб, музлатгичга қуйилади.

Навбатдаги жараён ширинлик начинкасини тайёрлаш. 5 дона тухумнинг оқини миксерда яхшилаб кўпиртирасиз. Кейин 1 стакан шакар ва таъм бериши учун ванилин солиб, яна аралаштирилади. Тайёр масаллиққа 2 стакан ёнғоқ ва магиз қўшамиз.

Музлатгичдаги хамирни олиб, паднисга ёғ қуямиз. Хамирнинг бир булагини ёямиз ва устидан начинка қуямиз. Шу ҳолат яна икки марта такрорланади. Пичоқ ёрдамида кичик бўлаклар чизиб чиқилади. Устига қолган 1 дона тухумнинг сариғини суртиб чиқасиз. Сўнгги иш пахлавани устига ёнғоқ билан безак бериш бўлади.    

«Ҳар бир иш меҳр билан қилинса, албатта самарасини беради. Аёл киши меҳрини бериб тайёрлаган ҳар бир таом мазали бўлади», – дейди Севара Солиева рецепт билан ўртоқлашар экан.

alt

Ва ниҳоят, пахлавани 180 градусли духовкада 40 дақиқа давомида пишириб оламиз. Тайёр пахлавани устига асалдан тайёрланган сероп  қуйилади. Ширинликни бир неча дақиқа совутиб оласиз ва кейин уни чиройли шаклда кесиб чиқасиз.

 

Севара Солиева:

«Ҳайит айёми жуда яхши кўраман. Чунки бу айём арафасида барча дилхираликлар унутилади, урушганлар ярашади. Бу куннинг шукуҳи, тафти ўзгача. Бу айёмни қайсидир маънода сеҳрли кунга ҳам ўхшатиш мумкин. Ҳа, юртимизда байрамлар кўп. Бизнинг катта баҳтимиз эса мана шу кунларга етганимиз. Яна бир бор барчангизни айём билан қутлайман».

 

Ҳам кино оламида, ҳам дизайнерлик соҳасида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган ёқимтой актриса Шаҳзода Муҳаммедовада антиқа қўзиқоринли сомса рецептини тақдим этдилар.

alt

Керакли маҳсулотлар:

Хамир учун

  • ун – 1 кг;
  • сув – 2 стакан;
  • хамиртуруш – 25г;
  • туз – 2 чой қошиқ;

Қиймасига

  • қўзиқорин – 1 кг;
  • гўшт – 200г;
  • пиёз -3,4 дона;
  • 1 боғ кашнич;
  • Таъбга кўра туз ва қалампир ишлатилади.

alt

Тайёрланиши:

Қўзиқоринни олиб бандларини қирқиб ташлайсиз ва қайноқ сувга солиб яхшилаб ювасиз. Сўнгра майдалаб чопасиз, қиймага ёғлироқ қўй гўшти пиёз, кашнич, туз ва қалампир қўшиб аралаштирасиз. Тайёр бўлган масаллиғини қизитилган қозонда қовурасиз. Хамиртуришли хамирдан 25-30г ли зувалачалар узиб юпқа қилиб ёясиз ва бунга тайёрланган қиймани солиб, учбурчакли сомса тугасиз. Духовкага қўйиб пишириб оласиз.

 

Шаҳзода Муҳаммедова:

Барча юртдошларимизни яқинлашаётган Ҳайит айёми билан муборакбод этаман. Барчамиз муборак рўмазон ойида қилган эзгу амалларимиз Яратган даргоҳида қабул бўлсин. Хонадонингиздан тинчлик-тотувлик, қут-барака аримасин. Юртимизда фақат яхши кунлар бўлсин!

 

Кўриниши жуда жиддий, лекин самимият балқиб турган табассуми билан кино ва театр оламида ўз мухлисларини топишга улгурган ёш, умидли актрисаларимиздан бири Шахло Темирова, Ҳайит байрами муносабати билан осон, тез ва ажойиб «Японча» салат рецептини билан бўлишдилар.

alt

Керакли маҳсулотлар:

  • бодринг - 3 дона;
  • қайнатилган гўшт - 100 грамм;
  • булғор қалампири - 3 дона;
  • аччиқ қалампир - 1 дона;
  • соя – 1 чой қошиқда.

alt

Тайёрланиши:

Дастлаб барча масаллиқлар сомонча шаклида тўғраб, идишга солинади. Кейин булғор қалампири майда кубик шаклида тўғралади. Барча масаллиқлар туғралгандан сўнг 1 чой қошиқ соя билан аралаштирилади. Салат ана шундай тезда тайёр бўлади.

 

Шахло Темирова:

«Аввало юртимиз тинч, Юртбошимиз бахтимизга соғ бўлсинлар. Тинчлик – улуғ неъмат. Унинг қадрига етиш керак. Яратганга минг шукр-ки, ҳаммамиз бағри бутун, тинч юртда яшамоқдамиз. Меҳмондўст ўзбегимга фақат тўй-томошалар ярашади. Илоҳим мана шундай бахтли кунларимизга, яъни тинчлигимизга кўз тегмасин. Айём барчага муборак бўлсин».

 

Латофатли ёш актриса Муқаддас Саъдуллаева эса тварог-какаоли пирог рецептини бердилар.

alt

Керакли маҳсулотлар:

  • ун - 300 гр;
  • сарёғ - 200 гр;
  • шакар - 220 гр;
  • тухум - 3 дона;
  • тварог - 500 гр;
  • сметана - 150 гр;
  • ванилин;
  • какао.

Тайёрланиши:

Актриса мазкур ширинликни уч босқичда тайёрланиши таъкидлаб ўтди. Демак,

1 – босқич: Ишни ун ва сарёғни бирга уқалашдан бошлайсиз. Иккала масаллиқни яхшилаб аралаштиргандан сўнг, устига 70гр шакар ва 3 чой қошиқ какао солиб, яна уқалантириш такрорланади. Шу ҳолатда хамирни тайёр ҳолга келтирамиз.

alt

2 – босқич: Энди навбат пирогнинг қайласи начинкасини (ичига керакли масаллиқларни) тайёрлаш жараёнига келди. Бунда 150гр шакарга 3 дона тухумни чақиб, миксер ёрдамида яхшилиб кўпиртирилади. Ундан кейин эса тайёр масаллиқга твораг, сметана, ҳамда таъбга кўра ванилин солиб аралаштирилади.

3 – босқич: Юқорида тайёрланган уваланувчи хамирнинг ярмини қолипга солиб, устидан тварогли масаллиқ солинади ва устидан увоқ сепилади. 180 градусли духовкада 60 дақиқа давомида пишириб олинади.

 

Муқаддас Саъдуллаева:

«Ҳайит ўзгача байрам. Бу қутлуғ кунни барча юртдошларимиз интизорлик билан кутишади. Шу ўринда бизнинг оиламиз ҳам. Ҳайитга атаб уйимизда катта дастурхон ёзилади. Турли хил миллий таомлар тайёрланади. Бу кунда барчанинг юзида табассум, шодиёна таровати балқиб туради. Энг катта тилагим юртимизда яхши кунлар кўп бўлсин. Байрамлар, байрамга улансин. Меҳнаткаш халқимизнинг боши омон бўлсин! Биз санъат ахли доимо янги ижод намуналари билан уларнинг қувончига ҳиссамизни қўшаверайлик».

 

Шоу-бизнес оламида юксак чўққига чиқишга улгурган, севимли «Ромео ва Жулетта», «Паризод», «Оқибат» ва бошқа кўплаб фильмларда бош ролларни маҳорат билан ижро этган актрисамиз Зарина Низомуддиновадан «Цезар» салати рецепти.

alt

Керакли маҳсулотлар:

  • товуқ (окорочка) - 1 дона;
  • помидор (черри) - 4 дона;
  • бедана тухум – 4 дона;
  • сухарик - 1 пиёлада;
  • пишлоқ - 200 гр.;
  • майонез;
  • салат барги.

alt

Тайёрланиши:

Товуқни зираворлар ва озгина туз билан тузлаб, тавада ўсимлик ёғини солиб, қовуриб оламиз. Тайёр ҳолатга келган товуқни  соломка (сомонча) қилиб тўғраймиз. Шундан кейин тухумни қайнатиб оламиз. Қолган маҳсулотларни яъни тухум, помидор, пишлоқ, салат баргини тўртбурчак шаклда тўғраймиз. Барча маҳсулотларни бир идишга соламиз ҳамда устидан сухарий, майонез ва туз солиб аралаштирамиз. Қарабсизки, Цезар салати ҳам тайёр бўлади. Уй шароитида тез ва қулай тайёрланадиган бу салат барчангизга манзур бўлади, деган умиддамиз.

 

Зарина Низомуддинова:

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Ҳар тонг кўзимизни очганда, мусаффо ҳаво нафаси, соғ-саломатлигимизни ҳис этишимизнинг ўзи катта байрам, шодиёна. Бунинг замирида эса тинчлик мужассам. Илоҳим тинчлигимиз абадий бўлсин! Мухлисларимиз бахтимизга соғ бўлсинлар!

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 04-07-2016

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг