«Болажонлар-Ширинтойлар 2018» фестивалига назар
Куннинг биринчи ярмида маҳорат дарслари ташкил этилди. Бунда Наталья Гармидер «Батик техникасида матоларга бадиий безак бериш» бўйича маҳорат дарсини ўтказди.
Даврон Тошматов дарсида, ёш ижодкорлар «Болалар замонавий образини яратиш. Болалар учун Make up» сир-синоатларидан бохабар бўлишди.
Мафтуна Қодирхонова, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабаси:
«Мазкур маҳорат дарсида биз матога нақш туширишни ўргандик. Бу батик деб аталади. Дарсда миллий услубни танладик. Деярли барчамиз бу жараёнда бевосита қатнашдик. Батикнинг бир жиҳати борки, бунда фақат табиий матолардан фойдаланиш мумкин. Синтетик матоларни ишлатиб бўлмайди. Очиғини айтсам, дарслар жудаям завқли бўлди».
Даврон Тошматов, пардоз устаси:
«Кундалик турмушда болаларга пардоз воситаларидан фойдаланиш шарт эмас, аммо баъзан бу заруратга айланиши мумкин. Яъни фотосессия, мода намойишлари ёки бўлмаса, бирор бир танлов, мусобақаларда улар учун тўғри танлаган пардоз натижанинг янада яхшироқ чиқишини таъминлайди. Болалар пардози алоҳида диққатни талаб этади. Албатта, либос билан макияж бир-бирига уйғун бўлиши лозим. Кейин камерани ҳам эътиборга олиш лозим. Қошларини ўз линияси бўйлаб бўяшни тавсия қиламан. Бу нафақат болалар учун, балки катталар учун ҳам табиийликни сақлаб қолишга ёрдам беради».
Дилноза Йўлдошева, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти 3-босқич талабаси:
«Болалар пардози катталарникига қараганда кўп вақт оларкан. Чунки уларнинг пардозини ортиқча бўрттирвориш мумкин эмас. Уларнинг пардозида табиийликка кўпроқ аҳамият қаратиб, муҳими болажонлигини сақлаб қолиш керак экан. Бу дарсда икки қизалоқ учун пардоз қилдилар. Бунда эътибор беришимиз керак бўлган ҳар бир жиҳатга алоҳида тўхталиб, тушунтириб ўтдилар. Нафақат болалар, балки ўзимизнинг пардозимиз учун ҳам бир қанча керакли тавсияларни олдик».
Куннинг кейинги қисмида болалар учун либослар намойиши бўлиб ўтди. Унда 21та коллекция тақдимоти ўтказилди. Бунда нафақат дизайнерлар, балки эндигина бу соҳага қадам қўяётган ёш ижодкорлар ҳам ўз ишларини билан қатнашди.
«Samo» болалар ижоди академияси томонидан тақдим этилган либослар табиий пахта матоларидан тайёрланган бўлиб, уларга турли расмлардан безак берилган. Болаларни бевосита табиат билан боғлашга ҳаракат қилинган.
Гулҳаё Бекниязова коллекцияси ёз мавсумига мос бўлиб, деярли барча либосларда ҳаворанг джинси матоси ишлатилган. Яъни, қизалоқлар учун махсус безаклар берилган сарафанлар, ўғил болаларга эса махсус шимлар тикилган. Бўйинбоғлар ҳам либосларга монанд ва унга янада ўзгача руҳ бағишлаган.
Шахноза Сатторова, Муаттар Темирова ва Умида Бабақуловаларнинг тўплами асосан 9-10 ёш атрофидаги болалар учун мўлжалланган. Қизлар ва йигитлар учун махсус усти кийим, яъни кардиганлар тайёрланган. Қўл меҳнатидан ҳам унумли фойдаланилган. Кашта ва аппликация, кардиганларга алоҳида чирой берган. Йигитлар учун махсус бўйинбоғ, қизларнинг сочларига эса барг кўринишидаги бежирим тўғноғичлар яратилган.
«Diva kids» дизайнерлари Дилфуза Абдуазизова, Азиза Бабажонова ишларининг фарқи 2 ёшли болаларга мўлжалланганлигидир. Дизайнерлар бугунги кунда долзарб бўлган Family look ғоясидан фойдаланиб, оналар ва болалар учун ўзаро уйғун либослар яратишган.
Хуршида Ходжаева 12-13 ёшли йигит-қизлар учун кундалик кийиладиган, куз мавсумига мос трикотаж кийимлардан иборат либослар тўплами билан қатнашди.
Дизайнер Камила Алиева коллекцияси бевосита қўл меҳнати билан боғлиқ. Барчаси тўқилган либослар бўлиб, кофта, юбка, кўйлак ва устки кийимлардан иборат. Асосан, қизил, сариқ, яшил, кўк ранглардан фойдаланилган.
Дизайнер Дилноз Эркинова эса саёҳатбоп либослар коллекциясини тақдим этди, десак ҳам бўлади. Болалар учун либосларга мос шляпалар қилинган. Табиий лён матосидан фойдаланилган.
Кондра Натали 10-12 ёшли болалар учун ноодатий кўринишдаги либослар яратган. Табиий матолардан яратилган қиз болалар кўйлакларига мос этик ва сумкалар тайёрланган.
«Колибри» арт-бюро Олъга Яикованинг ишларида сариқ, қора ва тўй сиёҳранг ранглар уйғунлигини кўриш мумкин. 10 нафар қизалоқ ва икки она образи яратилган.
Нодира Мўминова, Мухлиса Каримова коллекцияси 9-10 ёшли йигит-қизлар учун оқшом либосларидан иборат. Бунда шифон, тўр, силлиқ атлас матоларидан фойдаланилган.
Нафис Мирзаахмедова либослари табиий пахта матосидан бўлиб, бунда махсус аппликациялар унумли қўлланилган.
Лазиза Ҳайдарова фантазия услубидан фойдаланиб, ялтироқ кожа ва қаттиқ салафандан антиқа кўринишдаги либосларини тақдим этди.
Дизайнер Денис Томилин махсус ота-болалар либослари тўпламини тақдим этди. 10 нафар бола ва 3 нафар ота образи учун куз ва баҳор мавсумларига мос костюмлар яратилган.
Елена Становая миллий ва замонавий услуб уйғунлигидаги коллекциясида адрас ва пахта матосидан фойдаланган. Қизларнинг кўйлакларига мос этиклари ҳам тайёрланган бўлиб, бу ўзига хос кўриниш яратган.
Мафтуна Рахмонбердиева, Дилрабо Қобулова, Махлиё Ортиқова коллекциясидаги либосларни камалакка қиёслаш мумкин. Чунки ранглар уйғунлигида яратилган ва бунда тамбур каштачилигидан фойдаланилган.
Умида Мўминова либослари крепдешин матосидан иборат бўлиб, махсус кўйлакларни қизалоқлар ва уларнинг оналари ёз мавсумида мазза қилиб кийишлари мумкин.
Нилуфар Қаюмхўжаева коллекцияси нақшли адрас ва бир ранг шёлк матосидан иборат. Сиёҳранг ва кўк ранглардан ташкил топган либослар 14-15 ёшдаги ўсмир қизлар учун мўлжалланган.
Дилноза Тўлқинова коллекцияси ўғил бола, қизчалар учун кўйлак ва махсус чопонлардан иборат. Чопонларнинг олд ва енг қисмларига турли нақшлардан кашта туширилган. Оёқларида махсус махсилар либосларга монанд яратилган.
Динара Қурбанова, Ойхон Раҳматова 7-8 ёшли болалар учун бахмал чопон яратишган. Майда қавилган чопонлар очиқ рангда бўлиб, уларга махсус марваридлардан безак берилган. Асосан бу базмларга борадиган болажонлар учун махсус либос устидан кийиладиган ёпинғич вазифасини ўтайди.
Нилуфар Абдувалиева миллий услубни танлаган ва ранг-баранг атласлардан фойдаланган.
Саодат Камилова, Сохиба Рахимберганова, Элмира Мирзақулова, Гулсора Мамирова, истихора Илҳомовалар томонидан яратилган либослар ҳудудларга хос бўлиб, унда Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қорақалпоқ, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг махсус либослари бироз ўзгача услубда болалар учун яратилган.
Дилноз Эркинова, дизайнер:
«Бу йилги тўпламимда табиий лён матосидан фойдаландим. Бунда 2та она, 7та қиз ва 3та ўғил бола либослари бўлиб, асосан, ёрқин рангларни танладим. Мазкур мода фестиваллари нафақат катталар, балки болалар учун ҳам муҳим саналади. Чунки бу каби мода намойишлари болаларнинг диди шаклланишида муҳим ўрин тутади. Дизайнерлар учун ҳам катта маҳорат мактаби вазифасини бажаради. Дизайнер сифатида айтишим керак, болалар либосларида асосан табиий пахта матосидан фойдаланилган мақсадга мувофиқ».
Гулноза Тўлқинова:
«Мода тақдимотида болалар учун мўлжалланган каштали бахмал чопонлар намойиш этдим. Бунда турфа ранглардан фойдаланилган, такрорий ранглар бўлмади».
Фестиваль якунларига кўра, учинчи куни бўлиб ўтган Гала-намойишда дизайнерлар махсус дипломлар билан тақдирланди.
Фестивалнинг биринчи кунидан шарҳни бу ерда кўришингиз мумкин.
Гала намойишдан тўлиқ фотоҳисобот сайтимизда.
ИЗОҲЛАР 0